• Рукни: Тарих

Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 3-жилдидан кўчирма:

“...Жўрабек додҳо Қаландар ўғли (тахм. 1840–1906 Тошкент) Бухоро амирлиги таркибидаги Китоб беги (1867–1870), ҳарбий арбоб, маърифатпарвар, 1861 йили Бухоро амири Музаффар тайинлаган Китоб беги Зокирбек юритган сиёсат халқнинг норозилик чиқишларига сабаб бўлади ва унинг ўрнига халқ хоҳиш-истагига кўра (21 ёшли) Жўрабек ҳокимликка кўтарилади”.

Жўрабек ҳокимлик қилган даврда бекликнинг Бухоро амирлигидан сиёсий ва иқтисодий мустақиллиги кучая боради. Бекликда савдо-сотиқ, солиқлар, экин-тикин масалалари йўлга солинади. Йўллар, мудофаа иншоотлари тартибга келтирилади. Бухоро ва Қўқон хонликларида қувғинга учраган сиёсат ва маданият арбоблари шу бекликда паноҳ топишади.

Ўрта Осиёга Россия босқини бошланган даврда Жўрабек босқинчиларга қарши қатъий кураш позициясида турди... У Амирнинг босқинчиларга нисбатан юритган таслимчилик, кейинчалик, келишувчилик сиёсатидан норози бўлган кучларга бошчи сифатида майдонга келган Абдумалик тўра ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бирига айланди. Жўрабек 1868 йили 1–8 июн кунлари Самарқандни рус қўшинларидан қайтариб олиш мақсадида амалга оширилган шаҳар қамали раҳбарларидан бири эди. Баъзи замондошлари фикрича, Самарқанд қамали Жўрабек ишлаб чиққан Ватанни озод қилиш режасининг таркибий қисми бўлган. 1870 йили Шаҳрисабз ва Китоб бекликларини чор армияси забт этгач, Қашқарга қочишга уринган.

Илм-маърифатга катта аҳамият берган. Шарқ қўлёзмалари, нодир асарларнинг бой кутубхонасига эга бўлган. 1876 йили Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг 3-Халқаро конгрессида қатнашиб, маъруза қилган. Жадидлар билан ҳамфикр, мутафаккир шоир Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган”.

Тошкентнинг Қорасув мавзеида, Катта Фарғона йўли ёқасида бино бор. “Жўрабек” жоме масжиди бор. Жўрабек додҳо шу ерда яшаган, катта боғ яратган ва шу ерда сирли равишда ўлдирилган. Унинг жасади шу масжид ҳовлисига дафн этилган ва қабри устига мақбара қурилган. Масжид ва қабристон мутасаддилари айтишича, шўролар даврида мақбара бузилиб, Жўрабекнинг жасади қабрдан чиқариб олинган ва ёнидаги қабристонга дафн этилган. Янги қабр устига бирорта белги қўйилмагани боис, унинг қаерда экани ҳозиргача номаълум.

Сардор, маърифатпарвар, зиёли, сиёсатчи, ватанпарвар... Ўз даврининг етук кишиси, аждодимиз, яқин тарихимиз саҳифаларидан муносиб ўрин олган инсоннинг ўз боғида барпо этилган ва номи билан аталган қабристондаги қабри аниқ эмас. Бу каби ишлардан советларнинг мақсади халқ онгидан миллий қаҳрамонлар ҳақидаги эзгу хотираларни ҳам чиқариб ташлаш эди. Бироқ истилочилар кўзлаган мақсад тўласича амалга ошмади. Собиқ Иттифоқ парчалангач, халқимиз асл фарзандларининг номи қайта тикланди, юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Мақбаралар, зиёратгоҳлар таъмирланди, обод этилди. Шу каби хайрли ишларнинг давоми сифатида соҳа мутахассислари жалб этилиб, Жўрабек додҳонинг қабри топилса, зиёратгоҳ бунёд этилса, нур устига нур бўлар эди.

Анвар ТОЖИЕВ,

журналистика фахрийи