• Рукни: Тарих

Нарпай тумани “Мустақиллик” маҳалласида “Ҳазрат Кўк ота” жоме масжиди ва зиёратгоҳи бор. Асл исми Саид Аҳмад Насафий бўлган бу зот тахминан 1419-1420 йиллари ҳозирги Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ҳазрат Абу Қусам шайх хонадонида дунёга келган. Абу Қусам шайх замонасининг зукко олимларидан бири эди. XVIII асрда яшаб ижод этган маърифатчи олим Муҳаммад Обид “Туҳфатул Обидин инсул ошиқин” асарида ҳазрат Қусам шайхни қадимги Насафнинг машхур уламолари қаторида санайди. Болалигидан илмга чанқоқ Саид Аҳмад Насафий илк таълимни отасидан олади. Косонлик дин илми билимдонлари қўлида Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тавҳид, сарфу нахв ва бошқа кўплаб илмларниўзлаштиради. 1455 йили ҳозирги Нарпай туманига кўчиб келади ва ерлик аҳоли орасида илм-маърифат тарқатиш билан бирга ободонлаштириш, мадраса ва қўрғонлар барпо этиш ишларига ҳам бош қўшади. Жумладан, чўл ерларини ўзлаштириш мақсадида бухоролик Жўйбор шайхлари билан бирга Наҳрипай ариғини қазиш ишларида фаол қатнашади.

Саид Аҳмад Насафий яссавийя тариқати давомчиларидан бири сифатида шуҳрат қозонган. Ривоятларга кўра, юзлаб шогирдлари у зотдан фиқҳ илмини ўрганган. Саид отанинг мактабида нафақат Мовароуннаҳр, балки Рум, Хуросон, Афғонистон, Миср каби мамлакатлардан келганлар ҳам таълим олишган.

Ҳозирги Кўк ота қабристонида у кишининг бир неча авлоди вакиллари сағаналари бор.

Дахманинг кириш қисмида, эшикнинг пештоқига авлиё отанинг ўлими тарихига доир форсча битиклар нақшланган. Бу битиклар сўнгига 886 хижрий-қамарий йил санаси ёзилган. Уни милодий санага айлантирсак, 1481 ҳосил бўлади. Демак, Саид ота 1481 йили оламдан ўтган.

Саид Аҳмад Насафийнинг қўшгумбазли мақбараси ва масжид 1901 йили қурилган. “Кўк ота” жоме масжиди атрофида сўлим боғ барпо этилган.

Носир РАВШАНОВ,

Нарпай тумани