• Рукни: Тарих

Мустақиллик йилларида юртимиздаги кўплаб тарихий, меъморий ёдгорликлар ва муборак қадамжолар қайта тикланди. Жумладан, Китоб тумани Хожаазфароз қишлоғида жойлашган “Оқсув” зиёратгоҳи, яъни Хожа Шайх Шамсиддин Кулолнинг мақбаралари ҳам таъмирланди. Мазкур обидани 1373 – 1374 йилларда Амир Темур ҳазратлари қурдирган.

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида бундай деб қайд этилган: “Ҳижрий 775 йилда ҳазрат Соҳибқиронгаким, Ҳақ таборак ва таоло давлат каромат қилиб эрди. Ҳазрат айёми давлатида Кешда (Кеш шаҳридан ўн икки километр узоқликда Аспарозда) пири Шайх Шамсиддин Кулолнинг мозори яқинидан (70 – 80 метр шарқий томонидан) гумбазли қуббасини тиллодан қилиб, олий иморат – хонақоҳ қурдирди...”

Ҳазрат Амир Темурнинг оталари Муҳаммад Тарағай Баҳодир Хожа Шайх Шамсиддин Кулолни ўзига устоз деб билган. Манбаларда Соҳибқиронга Темур исмини у зот қўйгани ва келажакда ҳукмдор бўлишини башорат этгани айтилади. Хожа Шайх Шамсиддиннинг устози етук мутасаввиф Сайид Амир Кулол бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Шайх Шамсиддин ҳазратларидан узоқ йиллар таълим олган.

Мустақиллик йилларида зиёратгоҳ майдони ҳамда дахма ва унинг атрофи обод қилинди. Янги иморатлар қад ростлади. Ҳозир зиёратгоҳда қулай шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, бу ерга кўплаб хорижий меҳмонлар ҳам ташриф буюришмоқда.

 

Азамат НАМОЗОВ,

меҳнат фахрийси