Ислом тарихида тафсир марказлари бир нечта бўлиб, улардан энг машҳурлари учтадир. Биринчиси Мадинаи мунавварада бўлган. Унинг шайхи Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у киши ҳақида “Ким Қуръонни менга Жаброил ўқигандек ўқишни хоҳласа, Убай ибн Каъбдан ўргансин”, деганлар.

Тафсир марказларининг иккинчиси Маккаи мукаррамада бўлиб, унинг шайхи Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абдуллоҳ ҳақларига бундай дуо қилганлар: “Ё Аллоҳ, (Абдуллоҳни) динда фақиҳ қил ва унга тафсир илмини ўргат”.

Тафсир марказларининг учинчиси Ироқнинг Куфа шаҳрида бўлиб, унинг шайхи бутун Осиёга дин аҳкомларини ёйган саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дир.

Саҳобалар даврида тафсир китоб ҳолатида ёзилмаган. Саҳобалардан кейин тобеинлар тафсир илми маъноларини янада кенгроқ ёритганлар.

Тафсиршунос тобеинлардан энг машҳурлари: Ҳасан Басрий, Икрима ибн Абу Жаҳл, Иброҳим Нахаий, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Абу Абдураҳмон Суламий, Мужоҳид ибн Жабр (розияллоҳу анҳум) ва бошқалардир. Бу олимлар даврида тафсир илми ривожланди, лекин китоб шаклида ёзилмаган эди.

Биринчи бўлиб тафсирни китоб шаклида ёзган Муҳаммад ибн Жарир Табарий (розияллоҳу анҳу)дир. У кишининг тафсир китоби 90 жуз бўлган. Сўнг у кишининг шогирдлари устозларининг китобларини мухтасар қилиб, 11 – 12 жузга келтиришган.

Бундан ташқари, бошқа олимлар ҳам тафсир китоблар ёзганлар. Имом Аҳмад ибн Муҳаммад Қуртубийнинг “Ал-Жомиъ ли аҳкомил Қуръон”, Абу Ҳайён Андалусийнинг “Баҳрул муҳит”, Абулфидо ибн Касирнинг “Тафсири Қуръони Азийм”, Жоруллоҳ Замахшарийнинг “Кашшоф”, Абу Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзил”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум”, Жалолиддин Суютийнинг “Дуррул мансур”, Муҳаммад Мухтор Шинқитийнинг “Азвоул Баён”, Қози Байзовийнинг “Тафсири Байзовий” китоблари шулар жумласидандир.

Қуръони карим оятларини тафсир қилишда бу муфассирларнинг баъзилари фиқҳий жиҳатга, баъзилари эса луғавий томонига эътибор қаратишган.

 

“Мир Араб” ислом ўрта махсус билим юрти мударриси Исматуллоҳ ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.