Аллоҳ таолога сўнгсиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанобимизга чексиз салавоту саломлар бўлсин.

Улуғ шоир, қомусий аллома, маърифатли фақиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳонга машҳур “Бобурнома” (“Тузуки Бобурий”) асари хилма-хил илмлар уммони, шеърлар “Девон”и мажоз ва ҳақиқатлар гавҳари, “Волидия” рисоласи назмий таржимаси Шоҳ Бобур маънавий ҳолининг ҳужжати ва ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан ўзи ўртасидаги маънавий иртиботлар василаси, “Мубайян” асари эса Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, диний маданиятининг ёрқин ифодасидир.

“Бобурнома”нинг Мирзо Абдураҳим ибн Байрамхон томонидан форс тилига таржима қилиниши асар ўз вақтида қадр-қиммат топганининг натижасидир.[1]

Буюк тарихчи олим Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”) асарида ёзади: “У зотнинг исмини ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўзлари Заҳириддин Муҳаммад деб қўйганлар, лекин туркий халқлар орасида (довюраклиги учун) Бобуршоҳ деб машҳур бўлган. Унинг фиқҳи Ҳанафийда (Ҳанафий мазҳаби асосида) “Мубайян” номли асари бўлиб, унга Шайх Зайнуддин (ибн Қутбуддин Ҳанафий) Хавофий “Мубаййин” деган шарҳ ёзган”.[2] Шунга кўра, асар номи “Мубайян” эканлиги аниқдир.

Яна “Урду доираи маъорифи исломия” (“Маъориф”) энциклопедиясининг 3-жилди, 818-саҳифасида Бобур Мирзо ёзган китоблар номи келтирилиб, жумладан, айтилади: “Мубайян” – (مَبَيَّن); بَ (бо) фатҳали, يَّ (йо) ташдидли-фатҳалидир (яъни, (مَبَيَّن)); баҳри хафифи маҳбун вазнида бир маснавийдир. “Рисолаи аруз”да айтилишича, ҳижрий 928, милодий 1521 санада такмил этилган (тугалланган). Бу содда бир панднома бўлса-да, бундан Бобурнинг фиқҳда анчагина дилчасплиги (кўнгли фиқҳга муҳаббатлилиги) ва ақидаси мустаҳкам бир ҳанафий эканлиги маълум бўлади. Яқин кунларгача буни шарқшунослар “Мубийн” (“Мубаййин”) деб ўқиб юрганлар. Аслида “Мубаййин” китоб шарҳининг номидир. Уни Бобурнинг муншийси Шайх Зайн ёзган. Бу асар “Фиқҳи Бобурий” деб ҳам аталган”.[3]

XVI аср тазкираларидан бўлмиш Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” (“Севимли зотлар ёдномаси”) асарида айтилади: “Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолотлари бешумордир. Аруз хусусида ёзган рисоласи (“Рисолаи аруз”) бир денгиздирки, ичи жавоҳиру дурлар билан тўладир. Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубайян қилганки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи ҳам “Мубайян”дир”.[4]

“Музаккири аҳбоб”нинг Тошкент давлат Шарқшунослик институти Абу Райҳон Беруний номидаги шарқ қўлёзмалари марказида 4282-рақамда сақланаётган нусхасидаги “мубаййан карда” (“очиқ баён этган”) ва “номи рисола низ” (“рисоланинг номи ҳам”) ибораларига кўра, асар номи (مَبَيَّن) “Мубайян” эканлиги шубҳасиздир.[5]

Яна Бобур Мирзо китоб хотимасида:

Чун баён этдим анда шаръийёт,

Не ажаб, гар дедим “Мубайян” от.

яъни, “унда шаръий масалаларни баён этганим учун китобни “Мубайян” деб номладим, дейди. Бу ўриндаги “шаръийёт” (“шаръий масалалар”) сўзи “Мубайян”га ишорат қилади. Яъни, “Очиқ баён этилган шаръий масалалар”, дейилган бўлади. Демак, “Мубайян”нинг “Мубаййин” бўлиб кетишининг илк сабаби Шайх Хавофийнинг шарҳи бўлса, иккинчи сабаби мусташриқлар, яъни Шарқ манбаларини четдан ўрганувчи шарқшуносларнинг асар номини “Мубаййин” деб ўқиганларидир.

Шоҳ Бобур “Мубайян” китоби орқали буюк фақиҳ зот эканини намоён этади, асарни ўз валиаҳд ўғиллари Носируддин Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжаллаб, уларнинг сиймоси орқали бутун халқ оммасига беш фарз фиқҳий масалаларини таълим қилади. Дарҳақиқат, асарда муқаддас Ислом динининг беш рукни: имон-эътиқод, намоз, рўза, закот ва ҳаж масалалари гўзал шеърий тилда баён этилган. Таҳқиқ натижасида шунга шоҳид бўлдикки, “Мубайян” асарининг асосий таянган манбалари муборак “Мухтасари Виқоя” ҳамда “Ҳидоя”и шариф китобларидир. Асардаги дуо матнлари эса асосан кутуби ситтада, яъни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Насоий каби олти улуғ муҳаддиснинг китобларида келган ҳадислардан ҳамда Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобидан танлаб олинган.

Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида ҳам бир неча ўринда нозик фиқҳий масалаларга тўхталиб ўтади. Яъни, у зотнинг донишманд фақиҳ эканлиги бошқа асарларидан ҳам маълумдир. Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо араб алифбосини соддалаштириб, “Хатти Бобурий” деган ёзувни жорий этган ва Лакҳнавий-Ҳасанийнинг ёзишича, бу имлода Қуръони каримни кўчиртириб, Маккаи мукаррамага – муқаддас Каъбатуллоҳ маъмурларига юборган.[6] Хатти Бобурийда ёзилган Қуръони каримнинг Машҳад музейидан юртимизга келтирилгани Бобур Мирзо илмий фаолиятини ўрганишда янги имкониятларни очади.[7]

Мустамлака даврида “Мубайян” ва унинг мавзулари халқдан яширилди, фақат истиқлол даврида яхлит китоб ҳолида таниқли олим Саидбек Ҳасан ва Ҳамидбек Ҳасан томонидан махсус сўзбоши ва изоҳлар билан чоп этилди. Янги нашр сўзбошисидан 1995 йилда Н.Расулзода “Мубаййан”нинг илмий-танқидий матнини тайёрлаганидан воқиф бўлдик.[8]

Мумтоз шеърий тил намунаси бўлган “Мубайян” асари насрий баёни билан бирга янгитдан нашрга тайёрланди. Олдинги нашрлар зарур ислоҳлар, шарҳ, изоҳ ва иловалар билан зийнатланди, қўлёзма нусхаларда ўтган баъзи саҳву хатолар ҳадис, зикр ва дуо китобларига қиёсланиб тузатилди.

Умид қиламизки, асар нашри маънавий-маданий ҳаётимизда қувончли воқеа бўлар, заковатли китобхонлар ундан яхши руҳий баҳра оларлар, саҳву хатоларимизни афв қадами ила ислоҳ айлаб, самимий мулоҳазаларини билдирарлар. Яратган Эгамиз Бобур Мирзога, ул зотнинг устозларига беҳад раҳматларини ёғдирсин!

Мирзо КЕНЖАБЕК



[1] Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”). Лубнон/Байрут, “Дорул-Ибн Ҳазм” нашриёти, 1999 йилда нашр бўлган, 315-бет.

[2] Ўша асар, 314-бет.

[3] “Урду доираи маъорифи исломия” энциклопедияси, урду тилида. Панжоб университети нашри, ҳ. 1392, м. 1972 йил. 3-жилд, 818-саҳифа.

[4] Ҳасанхожа Нисорий. «Музаккири аҳбоб» («Дўстлар ёдномаси»). Форс тилидан Исмоил Бекжон таржимаси. Тошкент, Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси наш­риёти, 1993. 51–53-бетлар.

[5] Ҳасанхожа Нисорий, “Музаккири аҳбоб”, Тошкент давлат Шарқшунослик институти Абу Райҳон Беруний номидаги шарқ қўлёзмалари марказида 4282-рақамда сақланаётган қўлёзма. Ҳижрий 996 санада (милодий 1587 йил, 12 декабрь куни), шанба, муҳаррам ойининг 15-куни кўчириб тугалланган. 34-а саҳифа.

[6] “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”), 315-бет.

[7] Қаранг: Ҳамидбек Ҳасанов, «Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубаййин» асари, сўзбоши. Тошкент, «Mumtoz so‘z» нашриёти, 2011, 8-бет.

[8] Қаранг: Ҳамидбек Ҳасанов сўзбошиси. Ўша нашр, 3-бет.