Алишер Навоий ҳақида “кўп ва хўб” ёзилган. Илмий ишлар, тадқиқотларнинг ўзи жилд-жилд китоб бўлади.

Буюк шоирнинг асарларигина эмас, ҳаётий йўли ҳам ҳикмат ва ибратга бойдир. Сўз ва амал бирлигига қатъий риоя қилган бетакрор бу зотнинг ижоди асрлар оша кўнгилларга ёруғлик улашиб, ҳақ ва адолат, эзгулик ва пок­лик, чин ихлос ва муҳаббат, шижоат ва ҳимматга чорлаб барҳаёт яшамоқда.

Қуйида буюк мутафаккир билан замондош бўлган, уни яқиндан кўрган-билган кишиларнинг эсдаликларидан парчалар бериляпти. Бу битиклар Навоий ҳақидаги тасаввурларингизни янада тиниқлаштиради, деб ўйлаймиз.

* * *

Бу машҳур ва олий даражали амирнинг1 буюк отаси замонасининг машҳур кишиларидан ва Чиғатой улусининг улуғларидан ва султон Абулқосим Бобур баҳодир султоннинг яқин кишиларидан бўлиб, мамлакатни идора қилиш ва давлатга кафиллик унинг инон-ихтиёрида эди. Бениҳоят фозиллигидан ҳаммавақт ўғлига фазилат ўргатди, тамом ҳимматини саодатманд фарзандини илм-ҳунар безаклари билан зийнатлаш ҳамда ҳидоят нурлари билан равшан қилишга сарф қилди...

...Шу кунларда бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир... Унинг мақбул табиати ва мулойим унсури султон жанобларига яқинлик, мусулмонларнинг муҳим ишларига кафиллик, шариату суннат, мулку миллат ишларини равнақ эттириш билан банд бўлса-да, ҳамма вақт фазилат орттириш, илм билан машғулдир. Унинг ҳамсуҳбатлари хуштаъб, фозил кишилардир.

...Холис мулкини ва ҳалол бойлигини Худо йўлига тикиб, мамлакатда мадрасалар, масжидлар, работлар, хайрли иморатлар ҳамда дорушшифо қуришга сарф қилди. Ўша жойларга қилган вақфлари муомалада юрган пул ҳисобида тахминан 500 туман кепакийни ташкил қилади...

Давлатшоҳ Самарқандий,

Тазкиратуш шуаро”дан

* * *

Ҳижрий 876 йили шаъбон (1472 йил январь) ойида банданавоз подшоҳ2 ул вожиб ул-атоб амирни аморат мансаби билан сарафроз қилмоқчи бўлди. Амир Низомуддин Алишер бошида бу мансабни қабул қилмай, мен энди улуғ остона ичкилари қаторидаман, улуғ мансаб эгасиман, осмон қадар тахт амирларининг барчасидан юқорироқ ўринда ўтирибман. Борди-ю, аморат мансабига мутасадди бўлсам, барлос ва орлот амирларидан баъзилари турага биноан мендан юқори ўлтирадилар. Бас, бу амирларга кафил бўлмоқ мансабимдан пастроқдир, деди. Хоқони Мансур унинг бу узрини қабул қилиб, бағоят иноятидан “барлос умаросидан амир Музаффар барлосдан бошқа бирон кимса амир Алишердан бурун муҳр босмасин”, деган ҳумоюн ҳукм чиқарди. Шундан кейин амир Алишер мамлакат очувчи хоқон раъйини риоя қилиб, аморат мансабини қабул қилди, тилладўз чопон, наврўзий кулоҳ кийиш билан фахр топди. Аммо хоқони Мансурнинг покиза кўнгли шу эдики, амир Алишер вожиб ул-изъон фармонга кўра, бошқа амирлардан юқори муҳр босса. Лекин ул жанобнинг қўлига маълум соатда муҳр боссин учун нишон берганларида, нафси синиқ бўлганидан ва бағоят улуғ тавозулилигидан нишоннинг шундай жойига муҳр босдиким, ундан тубанроққа муҳр босишга жой қолмади...

Мирхонд,

Равзатус сафо”дан