Тажвид илми алоҳида соҳа сифатида тобеинлар даврида шаклланди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида тажвид сўзи ишлатилмаган. Балки Қуръони каримни ўз қоидалари билан чиройли қилиб ўқишни ифодаловчи бошқа иборалар қўлланган. Масалан, “тартил” (“дона-дона қилиб ўқиш”), “таҳсин” ёки “тазйин” (“чиройли ёки зийнатли қилиш”) каби сўзлар ишлатилган. Булардан “тартил” сўзи Қуръони каримда келган: «Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Маззаммил, 4). Бу ибора ке­йинчалик тажвид илмига Қуръони каримни ўқиш услубларидан бири сифатида кирди. Қуръони каримни тажвид қоидаларига энг яқин ўқиш услуби ҳам тартил билан ўқишдир. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Қуръони каримни тартил – дона-дона ва оятма-оят, яъни ҳар бир оят ўртасида тўхтаб-тўхтаб ўқиганлар (Имом Аҳмад ривояти).

“Тажвид” сўзини биринчи бўлиб қўллаган киши Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) деб қаралади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) тўртта машҳур қори саҳобалардан бири ҳисобланади. Бу киши инсонларга қарата: “Жаввидул Қуръана ва заййинуҳу биаҳсанил асвот” – Қуръонни яхшилаб, қоидалари билан ўқинг ва уни чиройли овоз билан зийнатланг”, деган. Шунга кўра, тажвид ибораси саҳобалар давридан қўлланила бошлаган.

Тажвид қоидаларининг амалий кўринишини Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг ваҳийи билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га етказган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга тажвид қоидаларини амалий суратда ўргатганлар. Тажвид қоидалари илмини биринчи бор таълиф қилган олимлар ҳақида турли қарашлар бор. Улардан Абу Асвад Дуалий (вафоти 69 ҳ.), Халил ибн Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ.) ва Абу Убайд Қосим ибн Саллом (вафоти 224 ҳ.) тажвид қоидалари илмини биринчи бўлиб таълиф қилган имомлар ҳисобланишади. Ислом давлати кенгайиб, бошқа тилда гапирувчи халқларнинг Исломни қабул этишлари билан Қуръони каримни қироат қилишда қатъий бир қоидаларни белгилаб, ёзиб қўйишга эҳтиёж туғилди. Ушбу мақсадда кейинги асрларда олдин Ҳазрат Усмон Мусҳафида араб тили имлосида бўлмаган нуқталар ва ҳаракатлар жорий этилди. Сўнг тажвид қоидалари ишлаб чиқилиб, Қуръони каримни тиловат қилувчи ҳар бир киши шу қоидаларга амал қилиши белгилаб қўйилди.

Тажвид илмининг назм-шеърий таълиф қилиниши эса Абу Музаҳим Хоқонийнинг (вафоти. 325 ҳ.) қасидаси билан бошланди. Бу қасида тажвиднинг дастлабки назмий баёни ҳисобланади. Имом Абу Убайд ибн Саллом (вафоти 224 ҳ.) “Қироатлар” номли китобини ёзиб, унда тажвид қоидаларини ҳам ёритиб берган. Бу китоб ҳам тажвид қоидалари илми бўйича илк асарлардан биридир. Бу китоб ҳақида Имом Заҳабий: “Абу Убайднинг қироатлар бўйича бир китоби бор, куфаликлардан ҳали ҳеч ким ундай китоб ёзмаган”, деган. Шунингдек, Абу Умар Ҳафс ибн Умар Дурий (вафоти 246 ҳ.) ҳам қироатлар бўйича китоб ёзган биринчи имомлардан деб қаралади.

Тўртинчи ҳижрий асрга келиб, Ҳофиз Абу Бакр ибн Мужоҳид Бағдодий (вафоти 324 ҳ.) етти қироатнинг ўқилиши ва қоидаларини бир китобга жамлади. Бешинча асрда эса, Ҳофиз Абу Амр Усмон ибн Саид Доний (вафоти 444 ҳ.) қироатлар ва тажвид илми бўйича кўп китоблар таълиф қилди. Уларнинг энг машҳури “Ат-тайсир” китобидир. Олтинчи асрнинг машҳур уламоларидан бири Имом Қосим ибн Файюраҳ ибн Халаф Шотибий (вафоти 590 ҳ. Қоҳира) “Шотибийя” номи билан машҳур “Ҳарзул амоний ва важҳут таҳоний” назмий китобини ёзди. Унда Абу Амр Донийнинг “Ат-Тайсир фи қироатис сабъ” (“Етти қироат бўйича енгил қўлланма”) китобини мулаххас-лўнда қилиб келтирган. Байтлари сони 1173 тага етади. Кейинги асрларда бу илмга ўзини бағишлаган олимлар кўпайди. Уларнинг ичида мужаввидлар олими Абулхайр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Жазарий (вафоти 833 ҳ.) қироатлар бўйича кўп китоблар ёзди. Тажвид илми бўйича эса унинг назмий битилган “Муқаддима” асари муҳим манбадир. Бу асар “Матнул Жазария” номи билан танилган.

Нилуфар Отахонова,

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси