Ўрта Осиёлик шоир, тарихчи, табиб, сайёҳ Маҳмуд ибн Вали 1595–1596 йиллар орасида Балхда туғилади. Маҳмуднинг отаси мир Муҳаммад Вали Косонсой саййидларидан бўлиб, Шайбоний амирлардан Пирмуҳаммадхон ҳукмронлиги (1546–1567) даврида Балхга келиб қолган. У ўз даврининг донишмандларидан ҳисобланиб, «Мири Хислат» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Маҳмуднинг акаси Амир Абдулборий бўлса, табиб ва фиқҳ олимларидан бўлган.

Маҳмуд ибн Вали ўз давридаги барча билимларни қунт билан эгаллайди. Йигитлик йилларидаёқ хуштаъб шоир, кўп билимларни пухта эгаллаган, фиқҳ бўйича баҳсларда ўзғирлик қиладиган олим сифатида танилади. Шунинг учун ҳам олимнинг поччаси машҳур шайх Миракшоҳ Ҳусайний 19 яшар Маҳмуд ибн Валини ўзига мурид қилиб олади. У ўз даврининг улкан табиби ва фақиҳи Миракшоҳ Ҳусайнийдан кўп нарса ўрганади, унинг бой кутубхонасида муттасил китоб мутолаа қилиш имкониятига эга бўлади. Маҳмуд ибни Вали Ибн Фақиҳ, Муқаддасий, Истахрий, Закариё Қазвиний, Банокатий, Вассоф, Ҳамидуллоҳ Қазвиний, Рашидиддин Жувайний, Мирхонд сингари олимларнинг асарлари билан устози Ҳусайний даргоҳида танишишга муяссар бўлганини ёзиб қолдирган.

1625 йили (Миракшоҳнинг вафотидан кейин) Маҳмуд ибн Вали «ўқиган ва билганларини ўз кўзи билан кўриш» мақсадида карвонга ҳамроҳ бўлиб, Ҳиндистон ва Сарандибга йўл олади. Маҳмуд бу ўлкаларни етти йил кезиб чиқади: Деҳли, Лоҳур, Пешовар, Агра, Ҳайдаробод, Калкутта, Бихар, Виджянагар, Гонконгда сингари ўнлаб шаҳарларда бўлади, ҳинд ва цейлон юртлари тарихи, географияси, ҳайвонот олами, маданияти, касб-корини ҳар томонлама пухта ўрганади. 1631 йили сафардан қайтгач, Маҳмуд ибн Вали Балх ҳокими саройи китобдори вазифасига тайинланади. Олим умрининг охиригача шу мансабда ишлайди ва XVII асрнинг 60-йиллари ўрталарида вафот этади.

Маҳмуд ибн Вали адиб, минеролог, ўсимликшунос, табиб, фақиҳ, тарихчи ва географ олим сифатида ўзидан кейин ўнлаб асарлар қолдирган. «Равойиҳа таййиба» (Ёқимли тароват) «Муҳаббатнома», «Нажми соҳиб» (Ёрқин юлдуз), «Рисолаи баҳория», «Ахлоқи Ҳусайний», «Баҳрул асрор» ҳамда 50 минг байтдан иборат шеърлар девони шулар жумласидандир. Афсуски, бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилмаган.

Маҳмуд ибн Валига олим сифатида шуҳрат келтирган асар, ҳар бир жилди тўрт қисмдан иборат етти жилдлик «Баҳрул асрор»дир. Мазкур асар Балх ҳокими Нодир Муҳаммадхон топшириғига мувофиқ 1645–1651 йиллар орасида форсийда ёзилган.

«Баҳрул асрор» тарих китоби бўлса-да, қомусий характердаги асардир. Зеро, унда адиб, бир томондан, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Шарқий Туркистон ва бошқа ўлкаларнинг тарихи, географияси, этнографияси, маданияти ҳақида маълумот беради. Иккинчи томондан эса, тилга олинган мамлакат, юрт, вилоят, қишлоқ халқларининг ўзга эллар билан муносабати, эътиқоди, урф-одати, касб-кори, ҳарбий санъати, ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, халқнинг маданий-маънавий юмуши, савдо-сотиғи, дунё бозорига чиқарадиган маҳсулотлари ҳақида аниқ далиллар келтиради. Бундан ташқари, китобнинг алоҳида қисмларида турли қитъаларнинг ҳайвонот ва ўсимлик олами, қазилма бойликлари, сув, чашмаларининг маъданлари, доривор ўсимликлари, халқ табобати удумлари хусусида ҳам завқланиб ёзади ва қизиқарли маълумотлар беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Маҳмуд ибн Вали тарихий фактлар, воқеаларни, турли манзилгоҳлар манзарасини тарихчи нигоҳи билан кўради, кузатади, ёзувчи диди билан идрок этиб, саҳифага туширади. Асарнинг бадиий-эстетик қимматини ошириш мақсадида шеърий парчалар билан безатади. Натижада бундай саҳифалар у ёки бу тарихий воқеа, юрт тасвирига бағишланган бадиий лавҳани эслатади. Ёзувчининг ота юрти тасвири фикримизни исботлайди. «Косон Фарғона Ахсикентига қарашли манзилгоҳдир. Унинг гўзал далаларию мафтункор даштлари ҳамда дилрабо иқлими кўрар кўзни қамаштиради. Косон боғу роғларию экинзорлари равзаи ризвонни эслатади. Жаннатосо бўстонларию ерларининг серҳосиллиги ҳадду ҳудудсиз. Меваларидан ўрик, шафтоли, узум ва қовунлари ҳаддан ташқари зебо ва тотлидир».

Хулоса қилиб айтсак, Маҳмуд ибн Валининг «Баҳрул асрор» (Сирлар уммони) асари Ўрта Осиё ва Хуросон, Ҳиндистон, Сарандиб, Қошғар юртларининг тарихи, илм-фани, маданияти, географияси, табиати, аҳолиси, турли ижтимоий табақалар ҳақида мукаммал маълумот берадиган мўътабар китобдир. Бундан ташқари, ушбу китоб XII–XIV асрлар орасида араб ва форсий тилда Шарқ тарихи, илм-фани, географиясига оид битилган ўнлаб нодир китоблар, улардаги камёб фикрлар ҳақида ҳам маълумот берадиган қимматбаҳо манбадир.

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,

филология фанлари доктори, профессор