Аллоҳ таоло айтади: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар, 9).

Имоми Аъзамнинг энг қадрдон шогирдларидан Имом Абу Юсуфнинг асл исми Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий ал-Куфий (113–182 ҳ.й.) бўлиб, онасининг исми Раъно эди. Отаси эрта вафот этиб, Яъқуб етим қолди. Унинг илмга иштиёқи ниҳоясиз эди. Онаси ип, урчуқ йигириб, пул топиб, етим ўғлини боқар эди. Кичик Яъқуб ҳунардан кўра кўпроқ илмни севар, шунинг учун дўкондан чиқиб, Имоми Аъзамнинг дарс ҳалқаларига қатнашарди. Имоми Аъзамнинг порлоқ закоси уни қойил қолдирар ва у зотга доим ҳурматда бўлар эди. Бу закий, лекин фақир талаба изтироблар оғушида устозининг дарс ҳалқасида ўтирарди. Волидаси Раъно эса, тез-тез Имоми Аъзам дарс ўтаётган жойга келиб, у зотга: “Бу болани қўйинг, ҳунар ўргансин, илм фақирларнинг иши эмас” дерди. Имоми Аъзам унга: “Унинг ўткир зеҳни буюк истиқболи борлигидан дарак бермоқда, унга рухсат берсангиз, дарсларда қатнашса, яхши бўлар эди”, дердилар. Имоми Аъзам ҳар гал у аёлга шу сўзларни такрор-такрор айтар эди.

Кейин Имоми Аъзам Яъқубнинг онаси Раънога бир миқдор пул бериб, ўғлининг илм олиши учун имконият пайдо қилдилар. Ниҳоят, Имом Абу Юсуф устозларидан мукаммал таълим олиб, Ҳорун ар-Рашид замонида қози бўлдилар. Ҳорун ар-Рашид у зотни жуда яхши кўрар, ҳурмат-иззатларини жойига қўяр эди.

“Вафаётул аъён”, “Тожут тарожим”, “ал-Жавоҳирул музиййа” ва “ал-Фавоидул Бақийя” номли асарларда зикр этилишича, Имом Абу Юсуф ҳар доим Бағдод шаҳрида машҳур ва таниқли олимлар билан мунозара олиб борарди. Имом Абу Юсуф Ҳорун ар-Рашид даврида энг олий мартабага кўтарилган. У биринчи бўлиб Ислом дунёсида “қози-ул-қуззот” (қозилар қозиси, бош қози) унвонига эришган, биринчи бўлиб ўз мазҳаби ҳанафийликка оид асар таълиф қилган.

“Китобул харож” Имом Абу Юсуфнинг энг машҳур асари бўлиб, Ҳорун ар-Рашид талаби ва илтимосига биноан ёзилган. Мазкур асар ер солиқлари, закот, жизя, урушлардан тушадиган ўлжалар ва уларни тақсимлаш тўғрисидадир.

Бир куни Ҳорун ар-Рашид Имом Абу Юсуфни катта бир зиёфатга таклиф қилди. Имом Абу Юсуфга бўлган меҳру муҳаббати ва ҳурмати сабаб анвойи таомлар ҳозирлатди. Зиёфат асносида Ҳорун ар-Рашид бир егуликка ишора қилиб:

– Эй Имом, бу тансиқ таом, ҳар куни ҳам тайёрланавермайди, кўпроқ олинг! Буни сиз учун махсус тайёрлатдим, – деди.

Имом Абу Юсуф бу егуликнинг номи нима эканини сўрадилар.

– Бу ноёб писта ёғида пиширилган ош, – деди халифа.

Имом Юсуф шу онда улуғ Имом Абу Ҳанифа ҳазратларининг бир вақтлар онасига айтган сўзларини хотирлаб, жилмайдилар. Ҳорун ар-Рашид бу табассум маъносини сўрагач, Имом Абу Юсуф ўша воқеани унга сўзлаб бердилар. Абу Юсуфнинг онаси муҳтожлик важҳидан фарзандининг илм олишига қаршилик қилганида устози Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) унга: “Эй она, ўғлингиз илм олиб, улуғ олим бўлиб етишувини ва бир куни илми туфайли Аллоҳ таоло даражасини кўтаришини, султонлар унга ҳурмат бажо айлаб, энг сара таомлар билан сийлашини хоҳламайсизми?” деган эди.

Хорун ар-Рашид улуғ Имомнинг кароматини эшитгач, деди: “Аллоҳ Имоми Аъзамни раҳматига олган бўлсин. Ундай бўлса, бу егуликдан бир идишга солиб, волидангизга элтсангиз. Токи буюк Имомнинг каромати рўёбга чиққанини онангиз ҳам кўрсин!”

Имом Абу Юсуфнинг илмий мероси ва амалий фаолияти, хусусан, унинг “Китобул харож” асари ҳозирги вақтгача ислом оламида ҳанафийликни илмий-услубий жиҳатдан тадқиқ этишда мўътабар манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Дилмурод ЛУҚМОНОВ,

Яккабоғ туманидаги “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби