Ислом дини жаҳонга ёйилгач, араб ёзуви кўпгина халқларнинг маданий мулкига айланди. У орқали ислом дини ва маданияти кенг ёйилди. Араб алифбоси кейинчалик ўнлаб халқлар, жумладан, туркий ва форсийларнинг ҳам ёзувига асос бўлди. Турли миллатларга мансуб усталар ва хаттотлар саъй-ҳаракати билан битик ёзиш санъат даражасига кўтарилди. Хаттотлик санъатидан меъморчиликда ҳам кенг фойдаланилди. Шарқ бинокорлигига хос бу хусусият Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида ҳам ўз аксини топган.

“Мир Араб” мадрасаси – “Пойи Калон” мажмуаси таркибига кирувчи меъморий ёдгорлик. “Пойи Калон” “Минораи Калон”га туташ қилиб қурилган тарихий иншоотлардан ташкил топган. “Минораи Калон” Арслонхон номи билан боғлиқ бўлиб, 1127 – 1129 йилларда бунёд этилган. Ушбу мажмуа таркибига “Масжиди Калон” (XII асрда тикланиб, XV асрда ва XVI аср бошларида қайта қурилган), “Мир Араб” мадрасаси (1527 – 1536 йилларда қурилган), “Амир Олимхон” мад-расаси (1914 – 1915 йилларда қурилган) каби тарихий иншоотлар киради. Мажмуа Бухоро шаҳрининг маркази – Ҳисори дарунда жойлашган. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолиги остида мажмуа тубдан қайта таъмирланди.

“Мир Араб” мадрасаси қурилишига яманлик Шайх Абдуллоҳ Яманий (XVI асрда яшаб ўтган) тамал тошини қўйган. Бу шайх Бухоронинг йирик диний пешволаридан бири эди. Қурилиш учун Убайдуллохон (1512 – 1539) ҳам маблағини аямаган. Мадраса пештоқи “Масжиди Калон” пештоқига қаратиб қурилган. Мадрасанинг жануби-ғарбий томонида машҳур “Минораи Калон” салобат тўкиб турибди.

“Мир Араб” мадрасаси бир неча бор тугал таъмирдан чиқарилган. 1970 – 1975 йилларда мадраса гумбазлари, тоқлари тузатилиб, бўёқлар билан безатилган. Айнан шу даврда мадрасанинг пештоқи, ҳовли ичкарисидаги ҳужралар ҳам таъмирланган эди. Аммо шўролар замонидаги сиёсат сабабли бино кўримсиз ҳолга тушган эди. Бунга фақат мустақиллик йилларидагина чек қўйилди. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги (1997 йил) тантаналари олдидан бошқа ёдгорликлар қатори мадраса ҳам тўкис таъмирланди, олдингидек салобат ва чирой касб этди.

“Мир Араб” мадрасасига киришда кўзингиз дарвозанинг чап тавақасидаги ёзувга тушади. Бу жойга Ҳижр сурасининг 46-ояти сулс хатида кўчирилган.

Кириш қисмининг чап томонида Шайх Абдуллоҳ Яманий, шайбоний ҳукмдор Убайдуллохон ва унинг оила аъзолари қўним топган мақбара бор. Унинг гумбази ўнг деворига настаълиқ хатида: “Кишиларнинг бошлари фалакда учса ҳам, Уларнинг диллари ғамдан доимо чок бўлур”, мазмунидаги байт битилган.

Мадраса ичидаги қибла томон пештоқига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-нинг: “Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорини ҳам, дирҳамини ҳам мерос қилиб қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким уни олса, улуғ насибани олибди”, мазмунидаги ҳадислари нақш этилган. Бу ёзувни XV асрда ижод этган хаттот Мир Али Ҳиравий Фатҳободий туширган. Жанубий пештоқдаги ёзув ҳам шу хаттот қаламига мансуб. Унда Бақара сурасининг 33 – 34-оятлари сулс хатида ёзилган. Битик сўнгига ҳижрий тўққиз юз ўттиз еттинчи (1530) йил санаси қўйилган.

Қуръони каримда 114 та сура борлигига асосланиб, “Мир Араб” мадрасасида ҳам 114 та ҳужра қурилган. Уларнинг бирида настаълиқ хатида ушбу мазмундаги шеър битилган: “Хурсанд бўлайлик, шундай гўзал ва кўзни қувонтирувчи ҳужра қурилди. Уни кўрган одам юз йиллик ғамини эсидан чиқаради. Унинг осмони худди орифларнинг соф нафасидек. Унинг ҳавосидан гўзал юзли гулларнинг ҳиди анқийди. Бу бинонинг қурилгани ҳақида рақам қилинадиган бўлса: Карамли халқ обод айлайди”. Сўнгги жумладан абжад ҳисобида ҳижрий 1316 (1898) йил келиб чиқади.

“Мир Араб” мадрасасида бундай битикларни гумбазларнинг ташқи қисмида, бино бурчакларида ҳам учратиш мумкин.

Муҳиддин НЎЪМОНОВ,

“Мир Араб” ўрта-махсус ислом билим юрти мудири

Ҳусен ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон бадиий академияси Миллий рассомлик ва дизайн институти тадқиқотчиси