Мусо (алайҳиссалом) замонида бир бой кишининг ягона қашшоқ амакиваччасидан бошқа меросхўри бўлмайди. Жиян тезроқ бойиш мақсадида амакисини ўлдириб, мурдасини қўшни қишлоқ яқинига ташлаб кетади. Бу қотиллик сабаб икки қабила ўртасида низо чиқади ва ихтилофни бартараф этиш мақсадида Мусо (алайҳиссалом)га мурожаат этишади. Мусо (алайҳиссалом): «“Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди” (Бақара, 67). Унинг аъзосидан бирини олиб, мурдани у билан урсангиз, тирилиб сизга ўз қотилини айтиб беради”», дейди.

Бани Исроил манман, қайсар қавм эди. Улар ваҳийга эмас, ноқис ақлларига суянганлари учун: «“Бизни истеҳзога тут-япсанми?” (Бақара, 67). Сигир билан қотилликнинг ўртасида қандай боғлиқлик бор?! Ўлган одамни тирилтириб бўлар эканми?!”» каби ўринсиз саволларни берадилар. Мусо (алайҳиссалом): “Сизга Аллоҳ таоло буюрган нарсани айтяпман, холос. Қандай қилиб Парвардигор номидан ёлғон сўзлашим мумкин? “Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!” (Бақара, 67)” дейди.

Бани Исроил битта сигирни сўйиб қўяқолганида эди, мақсадига етган бўларди. Лекин улар қайсарлиги, ўзига қийинлаштиришни яхши кўргани сабаб: “Раббингдан биз учун дуо қилиб сўра, бизга у (сигир) нималигини баён қилсин!” (Бақара, 68) дейишди. Аллоҳ таоло уларга қийин қилди: “У қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёшдаги сигирдир. Бас, сизга буюрилган нарса (иш)ни қилингиз!” (Бақара, 68). Бу оят буюрилган ишни бажаришга иккинчи бор амр эди. Нодон қавм бу сигирнинг ёшини билганидан сўнг унинг ранги ҳақида сўради. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “У ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур” (Бақара, 69).

Қавм айтилган сифатлардаги сигирни кўп ерлардан, узоқ вақт ахтарди. Ниҳоят, айтилган сифатлар бир нечта сигирга тўғри келди. Улар келганидан сўнг Мусо (алайҳиссалом): “Сигирни қурбонлик қилдингизми?” деб сўради. Қавм: “Биз айтилган сифатдаги сигирни қидирдик. Бу сифатлар кўп сигирларга тўғри келмоқда. Биз айнан қайси сигир экани борасида чалкашиб қолдик”, деб жавоб берди. Мусо (алайҳиссалом): “Нима учун ана шу сифатлар тўғри келган бирорта сигирни сўйиб қўя қолмадингиз?” деб сўради. Қавм: “Раббингдан бизга у сигирнинг бошқаларида учрамайдиган аниқ сифатларини айтишини сўра, шояд кўнглимиз хотиржам тортса!” деди. Бу гапдан Мусо (алайҳиссалом) қаттиқ ғазабланди. Бундан илгари Тур тоғидан қайтганида қавмининг бузоққа ибодат қилганини кўрганидаги каби ғазаби келди. Лекин қавмининг: “Худо хоҳласа биз, албатта, тўғри йўлни топувчилармиз” (Бақара, 70), дея ёлворганидан сўнг анча тинчланди ва: “У айтмоқдаки, у шундай сигирки, ер ҳайдашга ҳам, экинларни суғоришга ҳам ўргатилмаган, нуқсонсиз, унда (сарғиш рангдан бошқа) ранг йўқ” (Бақара, 71) деди. Нодон қавм эса: “Ана энди ҳақиқатни айтдинг” (Бақара, 71), деди. Мусо (алайҳиссалом) бундан олдин ҳам ҳақ гапни айтган эди. Лекин уларнинг кибр-ҳаволари ва ақллари буни инкор этганди.

Айтилган сифатларга эга бўлган сигир қавмдаги фақат бир кишида топилди. Бани Исроил сигирни кўриши билан дарҳол сифатларни солиштира бошлади. Айтилган сифатлар тўлиғича топилгач, эгасига сигирга сигир алмашишни таклиф қилишди. У рози бўлмади. Ўрнига иккита сигир бермоқчи бўлдилар, яна рози бўлмади. Қавм сигир эгасига вазиятни тушунтирар, ёлворар эди. У одам эса ҳар қанча нарх айтсалар ҳам, кўнмасди. Охир-оқибат сигирнинг вазнича олтин эвазига рози бўлди. Қавм узоқ қидирув, катта машаққат, кўп маблағ сарфлаб, сигирни қўлга киритди. Сўнг Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳузурига келди.

Бани Исроил интиқлик билан кутган, ҳамма гувоҳ бўладиган кун келди. Сигирни сўйганларидан сўнг Мусо (алайҳиссалом) унинг бир бўлагини олиб, ўлдирилган одамнинг танасига уришни буюрди. Шунда Аллоҳ таолонинг изни билан мурдага жон кирди. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо (алайҳиссалом) икки қишлоқ аҳли олдида: “Сени ким ўлдирди?” деб сўради. Маййит: “Мени акамнинг мана бу ўғли ўлдирди”, деди. Мусо (алайҳиссалом) яна: “Қандай қилиб, нима учун ўлдирди?” деб сўради. Маййит: “Менга меросхўр бўлиш, қизимга уйланиш учун”, деди ва қандай ўлдирганини айтиб берди.

Бани Исроилда бўлган бу воқеа барчага ибрат ва дарс бўлиши учун Қуръони каримда Қиёматга қадар муҳрланиб қолди.

Манбалар асосида Мутаҳҳара АҲМАДУЛЛОҲ қизи тайёрлади.