Китоб шаҳридаги энг қадимги маҳаллалардан бири “Шайхон” маҳалласи бўлиб, ҳозирда у “Тошкент” маҳалласи, “Тошкент” кўчаси деб юритилади. Ушбу маҳаллада жойлашган “Шайхон” жоме масжиди 1896 (ҳижрий – 1317) йили Абдураҳмон ҳожи бобо бошчилигида ҳашар йўли билан бино қилинган.

1835-1923 йилларда яшаб ўтган Абдураҳмон ҳожи бобо ҳаж сафаридан қайтгач, шукронасига маҳалласида масжид қуришга жазм этади ва маҳалла-кўй ёрдами билан катта хонақоҳни қуриб битказади. “Шайхон” форсча ва арабчада икки шайх маъноларини англатади. Муҳаддислардан Имом Бухорий ва Муслим, фақиҳлардан мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг икки шогирдлари Имом Муҳаммад ва Абу Юсуфга нисбатан ҳам шу сўз айтилади. Ўтмишда “Шайхон” маҳалласида етук тақводор шайхлар, аҳли илм ва қорилар етишиб чиққани боис масжидга ҳам “Шайхон” номи берилган.

Мустабид тузум даврида масжид бир муддат чойхонага, кейин омборхонага айлантириб қўйилган. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила мустақиллигимиз сабаб жоме масжид сифатида ўз фаолиятини бошлади. Истиқлол шарофати билан юртимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш, уларнинг қонуний асосларини яратиш ва ривожлантириш масалаларига кенг эътибор берилди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш муқаддас динимизни, азиз-авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда.

“Шайхон” жоме масжиди ҳам 2014 йили ватанпарвар ва фидойи инсонларнинг моддий ва маънавий ёрдамлари эвазига ҳашар йўли билан замон талаблари даражасида тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Натижада чиройли ва муҳташам масжид биноси ҳамда барча қулайликларга эга таҳоратхона барпо этилди.

Ҳайит намозларида айвони билан қўшилганида масжид минглаб намозхонларни сиғдира олади. Маҳалла аҳли бугунги доруломон кунларда шундай кўркам масжидда эмин-эркин идобатларини адо этишаётганидан жуда мамнун.

 

Зайниддин БОЗОРОВ,

Китоб шаҳридаги “Шайхон” жоме масжиди имом-хатиби