Муборак номи баҳор қуёши янглиғ кўнгилга илиқлик бахш этади Иброҳим халилуллоҳнинг! Масъулиятлар, югур-югурлар, заруриятлар билан овора бўлиб, баъзида меҳмон кутиш ҳам малол келса, У зотни ёдга олиб, ўзимизга тасалли берамиз: “Меҳмонини иззат қилган Иброҳим халилуллоҳ ворисларимиз”!

Илк бор Иброҳим (алайҳиссалом) номини эшитганимда ҳали бола эдим. Бувим кўзларида ёш билан Қуръон қиссаларини қайта-қайта сўзларди:

– ... Иброҳим (алайҳиссалом) фарзандлари Исмоилни қурбонлик қилмоқчи бўлдилар. Ўғиллари: “Отажон, юзимни ерга қаратиб ётқизинг, бўлмаса бу ишни қилишга қўлингиз бормайди”, – деди. Иброҳим (алайҳиссалом) ўғилларини ерга ётқизиб, унинг бўғзига пичоқ тортди. Пичоқ кесмади, тошга ургандилар, тош иккига бўлиниб кетди. Пичоқни яна азиз фарзандининг бўғзига олиб борди....

Мурғак онгимда узун қиссадан ёдимда қолгани шу. Ўз фарзандларини қурбонлик қилишга амр қилинишлари, амрга бўйсунишларию, кейин Аллоҳнинг мукофот тарзида жаннатдан бир қўчқор чиқариши...

Шу узуқ-юлуқ хотиралардангина иборат эди Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақидаги тасаввурим. Мен ўқиганим бир ҳадис фикримни остин-устун қилиб юборди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Ҳар бир пайғамбарга қабул бўладиган бир дуо берилган, ҳамма пайғамбарлар уни бу дунёда қилиб бўлишган, мен эса уни қиёмат куни умматимни шафоат қилиш учун олиб қўйганман. Билингларки, мен одам фарзандларининг энг улуғиман, бунга фахрланмайман. Қиёмат куни ер биринчи бўлиб менинг устимдан очилади. Бунга фахрланмайман. Қиёмат куни ҳамду сано байроғи менинг қўлимда бўлади. Одамдан тортиб ҳамма инсонлар унинг остида турадилар. Бунга фахрланмайман”. Кейин айтдилар: “Қиёмат куни инсонларнинг ғам-алами жуда ошиб кетади, Улар Одам (алайҳиссалом)га келиб: “Эй инсонлар отаси, Раб­бинг олдида бизни шафоат қил, тезроқ ҳукмимизни чиқарсин”, дейдилар. Шунда Одам: “Мен ундай қилолмайман, чунки хато қилиб жаннатдан чиқарилганман. Бугун мени ўзимдан бошқа нарса қизиқтирмайди, сизлар Нуҳга бориб кўринглар, у расулларнинг биринчисидир”, дейди. Инсонлар Нуҳ (алайҳиссалом)га келиб юқоридаги сўзларни айтганларида у: “Мен Раббимнинг олдига бора олмайман, чунки дуо қилиб ер юзидаги одамларни чўктириб юборганман, бугун мени ўзимдан бошқа нарса қизиқтирмайди. Иброҳимга бориб кўринглар, Аллоҳ уни ўзига дўст тутган эди”, дейди. Одамлар Иброҳим (алайҳиссалом)га бориб шу сўзларни айтишади. “Мен бунга қодир эмас­ман, чунки Исломда уч марта ёлғон гапирганман”, дейдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Иброҳим (алайҳиссалом) ҳаёт­ларида уч мартагина ёлғон гапирганлар, бироқ уларнинг ўз ҳикмати бўлган, биринчиси ушбу оятда келганидек: “Бас, у юлдузларга тикилиб қаради. Сўнгра: «Ҳақиқатан, мен бетобман», деди (Бу байрамга чиқмасликка баҳона эди) (Соффат, 88-89). Ваҳоланки, у пайтда соғ эди. Иккинчиси, (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси – мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, улардан сўрангиз, башарти гапира олсалар» (Анбиё, 63).

Учинчиси, ўз хотинини синг­лим деб айтган эдилар...”

Иброҳим (алайҳиссалом) давом этиб: “Бугун ўзим билан ўзим овораман, сизлар Мусо (алайҳиссалом)га боринглар дедилар...” (Баззор, Хатиб ривояти).

Бу сўзларни ўқирканман, қанчалар надомат қилдим?! Менинг ёлғонларим қанча! Неча кунлар уларнинг саноғини аниқлашга уриндим. Бефойда! Уларни на санаб бўлади, на эслаб! “Бировга зарари тегмайди-ку?!” деб айтган, арзимасдек кўринган ёлғонларим қанча?! Мен учун кичик кўринган бу важ-карсонлар ёлғон саналмасмиди, унинг ҳисобини бермасмидим?!

Қуръони каримда “...вафодор зот – Иброҳим...” (Нажм, 37) дея васф қилинган бўлса-да ул зот уч боргина айтган ёлғон сўзидан шунчалар хавфда. Айт­ган ёлғоннинг сони ҳам аниқ, яна улар Аллоҳ йўлида айтилган. Мен нега шунча пайт на ўзимга фойда бермайдиган, на зиён етказмайдиган нарсалар ҳақида ҳам ёлғон гапира-гапира хотиржам яшай олдим, кўзларим уйқуга қандай илинди?! Энди бир гапни айтишдан аввал минг бор уни тилимда айлантирадиган бўлиб қолдим. Менга катта зиёни етса ҳам ҳақиқатни айтишга ўзимда куч топаяпман. Чунки белимни бутун умрим давомида букадиган ёлғон юкидан кўра ундан келадиган зарар юки енгилроқ! Бу зиён мени бир кун қийнар, бир ой азоблар? Ёлғон эса йиллар давомида мени афсус чоҳидан олиб надомат ботқоғига ботиради. Яна бу ёлғонлар дастидан охиратда ҳолим не кечаркан, деган бир умрлик ҳадик!

Бугун Иброҳим (алайҳиссалом)га ошуфта ҳақир бу кўнг­лим билан дуога қўл очаман: Холиқи зулжалол Аллоҳ! Ўзинг мени тўғри йўлингдан адаштирма! Менга пайғамбарларинг, сиддиқларинг ва содиқларинг йўлини бер! Тилимни ёлғон ва ғийбатдан, дилимни гумондан, қўл, кўз ва қулоқларимни ёмонликдан омон сақла! “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа, 4).

 

Нигора МИРЗАЕВА