Шундай зотлар борки, ёруғ оламни тарк этганларига бир неча юз йиллар ўтган бўлса-да, номлари ҳамон тилларда достон, китоблари неча асрларки севиб ўқилади. Бу зотлар илмлари боис улуғланган инсонлардир.

Имом Бухорий ҳазратларининг яшаб ўтганларига қариб 1150 йил бўлишига қарамай асарлари ҳозирга қадар ислом оламида кенг ўрганилади. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида билмайдиган мўмин-мусулмон киши топилмаса керак.

Бухоронинг Пойкент қишлоғида аҳли илм оиласида дунёга келган Исмоилнинг илм олиши учун ота-онаси мол-дунёларини аямади. Исмоил ўн олти ёшга етиб, Бухорои шарифдаги барча кўзга кўринган уламоларнинг илмини эгаллагач, онаси уни муборак ҳаж сафарига олиб боради. Ёш, навқирон илм толиби онаизорнинг оқ фотиҳаси ила илмини юксалтириш учун Макка шаҳрида қолади.

Манбаларга кўра, ҳам жисман, ҳам фикран илм олиш, жумладан, ҳадис илмини мукаммал эгаллаш билан банд бўлган Имом Бухорий ҳаётининг катта қисми асосан мусофирчиликда ўтган. У 40 йилга яқин вақт давомида йигирмадан зиёд – Макка, Мадина, Ҳижоз, Тоиф, Жидда, Басра, Куфа ва Бағдод каби шаҳарларга сафар қилади. Шом ва Мисрга ўтади. Хуросон, Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай каби шаҳарларда бўлиб, олимлардан сабоқ олади, ҳадислар тўплайди.

Маълумотларга қараганда, Имом Бухорий «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» китобини ёзишни 23 ёшида бошлаб, ўн олти йилда ниҳоясига етказган.

Эътиборлиси, Имом Бухорий фақат муҳаддис олим бўлибгина қолмай, кенг қамровли мутафаккир алломадир. Унинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга беназир тўплам ҳисобланган «Ал-Адаб ал-муфрад» («Адаб дурдоналари») асари Туркия ва Мисрда бир неча марта чоп этилган. 1322 ҳадис ва хабар жамланган асарнинг ўзбекча таржимаси 2006 йили Тошкентда «Мовароуннаҳр» нашриётида чоп қилинган.

Имом Бухорийнинг муборак жасадлари қўйилган маскан истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликлари билан ободонлаштирилиб, катта бир мажмуа бунёд этилди. Мажмуага олиб борадиган йўлларнинг кенг ва равонлигини айтмайсизми! Хуллас, Имом Бухорийнинг шарофатлари билан мажмуа атрофидаги қишлоқ ва маҳаллалар кўркамлашди, аҳолининг ижтимоий турмуши ҳам яхшиланди.

Илм бу дунёнинг иззати, охиратнинг шарафидир. Имом Бухорийнинг ҳаётлари ва у зотга бўлган бугунги муносабат ҳаммамиз учун ибратдир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

“Имом Бухорий” жоме масжиди

имом-хатиби, Самарқанд вилояти