Одам (алайҳиссалом)дан Нуҳ (алайҳиссалом)гача орадан минг йил ўтганди. У зотгача барча битта уммат – тавҳид уммати бўлган.

Нуҳ (алайҳиссалом) даврига келиб тавҳидда бўлган бирорта одам қолмади. Шунда Аллоҳ ўзининг пайғамбарини юборди: “Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди” (Анкабут, 14). Нуҳ (алайҳиссалом) инсонларни тавҳидга чорладилар. Уларни яширин ва ошкора, якка ва оммавий ҳолда даъват этдилар. Бироқ бу чорловлар инсонларни туғёнда, хусронда давомли қилди, холос. Бу борада Қуръони каримда шундай зикр қилинади: «(У яна) деди: “Эй, Раббим! Мен қавмимни кечаю кундуз (имонга) даъват этдим. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (имондан) қочишни зиёда қилди, холос. Дарвоқе, ҳар гал мен уларни Сенинг мағфиратингга (дин йўлига) даъват этсам, улар (эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб оладилар ва (ўз куфрларида) қаттиқ туриб оладилар ҳамда (менга итоат этишга) кибр қиладилар”» (Нуҳ, 5-7).

Жуда кам сонли кишиларгина имон келтирдилар. Улар ҳам қавмининг заиф ва ночор кишилари эди. Ораларида пайғамбар бўлгани ҳолда улар имон лаззатидан бебаҳра қолдилар. Аксинча, кейинги келаётган авлодлар аввалгисига қараганда жоҳилроқ эди. Нуҳ (алайҳиссалом)нинг чорловлари уларни баттар ҳаддан оширарди. Шунда Аллоҳ таолога пайғамбар (алайҳиссалом) дуо қилдилар: “Эй, Раббим! Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин! Чунки агар Сен уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат фосиқ, ношукур(лар)ни туғарлар. Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин! Золимларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!” (Нуҳ, 26–28).

Аллоҳдан амр бўлди: “Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари туфайли ташвиш чекма! Бизнинг кузатувимиз ва ваҳийимиз (амримиз) билан кемани ясагин ва зулм қилганлар ҳақида Менга (асраш тўғрисида) хитоб қилмагин! Улар, албатта, ғарқ қилинувчилардир!” (Ҳуд, 36-37).

Аллоҳнинг расули кема ясашга киришдилар. Бунинг учун роппа-роса юз йил сарф этилди. Нуҳ (алайҳиссалом) кема ясаркан, қавмнинг катталари келиб у кишини маломат қилар, устидан куларди.

Ҳуд сурасида бундай баён қилинади: «Кемани ясай бошлади. Қавмининг зодагонлари ҳар гал унинг олдидан ўтганларида уни масхара қилардилар. (Нуҳ) деди: “Агар бизни масхара қилсангиз, сизлар масхара қилганингиздек, биз ҳам (яқинда) сизларни масхара қилажакмиз”» (Ҳуд, 38).

Ривоятларда келтирилишича, бу ваъда қилинган тўфоннинг бошланишидан аввал аломат кўрсатилиши баён қилинди. Ўша аломат тандирда сув пайдо бўлиши эканлиги айтилади. Кема битгач, Аллоҳнинг расули аломатни кута бошладилар. Бир куни қарасалар, тандирда сув пайдо бўлиб қолибди. Дарҳол, имон келтирган кишиларни тоғ устига қурилган кема томон бошладилар. Келсалар, у ерда ҳар бир жонзотдан бир жуфтдан турар, йўлбарс билан оҳу, бўри билан қуён ёнма-ён, бир-бирларига зиён етказмасди. Бу ерга уларни Буюк қудрат соҳиби жам қилган эди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «То Бизнинг буйруғимиз (азобимиз – тўфон) келиб, ишлар кескинлашгач, айтдик: “(Эй, Нуҳ!) Унга (кемага) ҳар бир (жонивор)дан бир жуфт – иккитадан ва аҳлинг (оила аъзоларинг)ни, илло (аҳлингдан кимларга ғарқ бўлиши ҳақида Биздан) сўз кечган бўлса, улар мустасно, ҳамда имон келтирганларни орт!” Ваҳоланки, у (Нуҳ) билан бирга имон келтирганлар оз эди» (Ҳуд, 40).

Нуҳ (алайҳиссалом) имон келтирган зотларни ва жониворларни кемага жойлагач, Аллоҳ таолонинг яна бир амри келди: «Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилувчи сув билан очиб юбордик. Яна ердан булоқлар чиқариб қўйдик. Бас, (осмон ва Ер) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш узра учрашдилар. Уни (Нуҳни) эса тахталар ва михлар ёрдамида ясалган кемада кўтардик. У (кема) Бизнинг “кўзларимиз” ўнгида (ҳимоямизда) сузар» (Қамар, 11–14).

Яъни осмондан ёмғир ёғдирилмади, балки “осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилувчи сув билан очиб юбор”илди. Ердан булоқлар чиқариб қўйилди. Бутун дунёни сув босди, энг баланд тоғдан сув 15 метр баландга кўтарилди. Барча жонзотлар, инсонлар ғарқ қилинди. Тўфон олти ой давом этди. Кейин эса Жаноби Ҳақнинг амри бўлди: “Эй, Ер! Сувингни ютгин! Эй, осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)” Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи) узра қўнди ҳамда “Золимлар қавмига – ҳалокат!” – дейилди (Ҳуд, 44).

Ушбу ёғочдан ясалган кема инсонларга ибрат учун неча минг йиллар давомида сақлаб қолинди. Бу борада Қуръони каримда: «(Бу) инкор қилинган киши (Нуҳ) учун мукофотдир. Биз уни (кемани) бир аломат қилиб қолдирдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» дейилади (Қамар, 15).

Тўфондан кейин Нуҳ (алайҳиссалом) 350 йил яшадилар. Ер юзидаги инсонлар фақат у кишининг авлодларидан кўпайишди. Шу сабабли у зот “Иккинчи Одам” деб аталдилар.

Нуҳ (алайҳиссалом) қиссаларини тинглаганимда доимо қалбим ҳаяжонга тўлади. Аллоҳга беадад ҳамду сано айтиб, қўлимни дуога очаман: «Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (Оли Имрон, 8).

 

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.