• Рукни: Тарих
Шоир Хожа Фахриддин Исматуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Бухоро шаҳрида яшаб ижод этган. 
У ўз шеърларида  илоҳий ишқни гўзал тарзда ифодалай олган. Аксарият ғазалларда ишқ, у билан боғлиқ инсоний ҳис-туйғулар куйланади. Баъзи ғазалларида ижтимоий, ахлоқий мавзулар ҳам қаламга олинади. Хожа Исматуллоҳ шеърларида ифодаланган ишқ – бу фақат ёр ишқи, ёр дардигина эмас, Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббатнинг тараннумидир. Шоир мана шу кенг маъноларни рамзлар, тагдор ифодалар орқали акс эттирган. 
Шоир шеъриятида алоҳида ўрин тутган равонлик, фикрий теранлик киши қалбига тез етиб боради. Паст тийнатли одамларнинг адолатсизлиги-ю дилозорлигидан кулфат кўрган, дард чеккан шоир: “Бир васият сўйлар Исмат, тинглагил боиштиёқ” дея бир шеърида бундай ёзади:
 
Ҳар киши бирла жаҳонда суҳбат айлар истасанг,
Дўст эмас, душман бўлур маслакда йўқса иттифоқ.
 
Ёки:
Ноаҳиллар даврасидан қоч, гуноҳга ботмайин,
Руҳ қушингга қайғу, кулфат ташламай банду тузоқ. 
 
Шоир кишиларни зарарли иллатлардан огоҳлантириб, дўстлик риштасини боғлашга, меҳрибон бўлишга, хайрли ишлар қилиб, яхши хулқ касб этишга, икки дунё саодатига эриштирувчи тўғри йўлни топишга даъват этади. 
Хожа Исматуллоҳ ўз шеърларида инсон маънавияти, одоб-ахлоқини исломий-тасаввуфий ақидалар билан боғлиқ ҳолда ифодалайди. Аллоҳни билиш, унга етишиш завқини Хожа Исматуллоҳ гўзал тарзда тасвирлайди. Аллоҳни севиш маънавий комилликнинг, руҳий пок­ликнинг асоси эканини таъкидлайди. Адиб Аллоҳ васлига етишиш учун уқубатларга сабрли бўлишни қуйидаги рубоийсида шундай баён қилади:
 
Жабринг хушдурур барчанинг вафосидан,
Дашноминг яхшироқ барчанинг дуосидан.
Лутф айлаб, асрагил – бизга бегоналик,
Барча бегонага ошнолик балосидан. 
 
Иқтидорли шоирни Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”, Алишер Навоий “Мажолисун нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкиротуш шуаро” асарларида ҳурмат билан тилга олишган.
Форс-тожик ва ўзбек тилларида самарали ижод қилган шоирнинг “Иброҳим Адҳам” достони ва Девони бизгача етиб келган. Девонининг нусхалари ҳозирда Санкт-Петербург, Филодельфия, Лондон, Калкутта, Душанбе ва Бухоро кутубхоналарида сақланмоқда. 
 
Салоҳиддин ГАДОЕВ, 
Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат”
жоме масжиди имом-хатиби