• Рукни: Тарих
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг номлари кўнгил бўстонида ибрат гулларини ундирур. Мўминга берилган неъматлар бежиз ато этилмаслигини,  унинг шукрини қилиш,  у орқали зиммага юкланган масъулиятнинг уддасидан чиқа билишни эслатиб туради. 
Ҳуд (алайҳиссалом) Од қабиласига пайғамбар қилиб юборилди.  Ушбу қабила боида арабларидан бўлиб, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг Сом исмли ўғилларининг авлодлари эди.  
 
Од қавмига Аллоҳ жуда кўп неъматлар ато этганди: улар йирик жуссали, куч-қувватга тўла. Бунинг устига беҳисоб бойликлар  билан сийланган. Улар доимо «Қани биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришар, ўзларининг саркашлиги билан машҳур эдилар. Бу қавмни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд (алайҳиссалом)ни Аллоҳ таоло пайғамбарликка танлади. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: «Од (қабиласи)га биродарлари Ҳудни (пайғамбар этиб юбордик). У айтди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар (сохта илоҳларни) фақат ўзларингиз тўқиб олувчисиз» (Ҳуд, 50). 
Од қавми ҳам ўзига зулм қилган бошқа қавмлар каби бу чақирувга “лаббай” деб жавоб қайтармадилар. Ҳуд (алайҳиссалом)нинг имонга, тавҳидга чорловлари уларнинг туғёнларини давомли қилди. «Қавмининг кофир бўлган зодагонлари айтдилар: “Биз сени нодонликда (эканингни) кўраяпмиз. Биз сени ёлғончиларданмикан, деб гумон қилаяпмиз”» (Аъроф, 66), деб Аллоҳнинг пайғамбарига нисбатан энг катта бўҳтон қилдилар. У кишини ҳам нодонликда, ҳам ёлғончиликда айбладилар. Аслида эса икки ўртадаги суҳбатда энг пурмаъно сўзлар Ҳуд (алайҳиссалом)ники эди. У зот нодон ҳам, ёлғончи ҳам эмасдилар. 
Ҳуд (алайҳиссалом) қавмининг зодагонларига муносиб жавобни қайтарди: “Эй, қавмим! Менда нодонлик йўқ. Лекин мен оламлар Раббидан (юборилган) элчидирман. Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказаяп­ман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйдирман. Сизларни огоҳлантириш учун ўзларингиздан (бўлмиш) бир киши зиммасида сизларга Раббингиздан эслатма келганидан ажабланаяпсизми?! Аллоҳ сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйган ва сизларни жисмонан зиёда қилганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз” (Аъроф, 67–69). 
Од қавми ўзлари орасидан бир кишининг пайғамбар қилиб сайланганига, унинг ҳеч бир таъмасиз уларни яхшиликка чорлаётганига ишона олмаётгани, бу ҳам аслида Яратганнинг бу қавмга бир инояти эканини қосир ақллари қабул қила олмаётгани ояти каримадан англашилмоқда. Ҳуд (алайҳиссалом) эса сўзларининг якунида уларни инсофга чақириш ниятида: “...Аллоҳ сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйган ва сизларни жисмонан зиёда қилганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз”, деб таъкидламоқда. Дарҳақиқат, Од қавми йўқ бўлиб кетган қавм ўрнига ер юзида халифа ўлароқ қолдирилди. Бунинг устига уларга барча қавмлардан куч-қувватда устунлик ато этилди. Аллоҳ таоло берган шу неъматларни эслаб, шукр қилиб, имонга келиш лозим, бу эса ўз навбатида нажот топишларига сабаб бўлиши таъкидланмоқда. 
Од қавмига берилган неъматлар ҳақида Шуаро сурасида батафсилроқ айтиб ўтилади: 
“Сизлар (фақат шу дунёни деб) ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги (баланд бино) қураверасизми?! Гўё (ўлмаймиз, балки) мангу яшаймиз, деб қасрларни солаверасизми?! Қачон (бирор кишини жазога) тутсангиз, бераҳмларча тутасизми?! Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга (айтганларимга) итоат этингиз! Сизларни ўзларингиз биладиган (моддий) неъматлар билан сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва (сиз ёқтирадиган) ўғиллар билан қўллади, боғлар ва булоқлар билан ҳам” (Шуаро, 128-134).
Од қавмига берилган неъматлар беҳисоб бўлган экан. Улар баланд тепаликларга иморатлар қуришган, қасрлар бунёд этишган. Яна чорва ҳайвонлари, фарзанд, боғ-роғлар, булоқлар ояти каримада зикр этилмоқда. Қавм бу неъматларнинг шукрини қилиш ўрнига куфрони неъмат қилдилар. Неъматни берган зотни унутиб қўйдилар. Ҳуд (алайҳиссалом) ҳар қанча бу ҳақиқатни уларга уқтиришга уринмасин, нафи бўлмади. Пайғамбарнинг таъкидлари, сўзлари уларнинг ҳеч бирининг қалб кўзини очмаяпти. Қавм яна ҳам залолатда давомли туриб, жавоб бермоқда: «Фақат ягона Аллоҳга сиғинишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб келган нарса (бут-санамлар)ни тарк этишимизга (даъват қилиш учун) бизнинг ҳузуримизга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга (ўша) ваъда қилган (қўрқитган) нарсангни келтир!» (Аъроф, 70). 
Улар бу сўзлари билан ҳали-ҳамон Ҳуд (алайҳиссалом)га “Сенинг сўзларинг ёлғон, сенинг эсинг паст” дегандек муо­мала қилишмоқда. “...Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга (ўша) ваъда қилган (қўрқитган) нарсангни келтир!”. Қавмнинг сўзларида Аллоҳнинг ғазабига, пайғамбарнинг сўзига нисбатан беписандлик бор. Уларга «(Ҳуд) айтди: “Сизларнинг устингизга Раббингиз (томони)дан азоб ва ғазаб ёғилиб бўлган. Сизлар ва ота-боболарингиз номларини атаб (сиғиниб) юрган, Аллоҳ уларга бирор ҳужжат (ҳукм) туширмаган (бут-санамлар) тўғрисида мен билан баҳслашмоқчимисиз?! (Азоб келишини) кутингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман”» (Аъроф, 71). 
Қавмнинг саркашлиги, Аллоҳ ва унинг пайғамбарига нисбатан қилган беписандлиги, имонга келмай, Ҳуд (алайҳиссалом)ни ёлғончига, эси пастга чиқаргани сабаб уларга Аллоҳнинг аламли азоби тушиши аниқ бўлиб қолди. Аслида Од қавмининг ўзи бу ўринда ақлан қосирлик қилмоқда. Ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ота-боболари сиғинган бут-санамга ибодат қилишмоқда, бироқ уларга шунча неъматлар берган, ораларидан пайғамбар чиқариб, Ўзининг борлиги ва бирлигини беҳисоб далиллар асосида кўрсатиб қўйган Аллоҳга итоат қилишдан бўйин товламоқдалар. Шу даражада ҳам инсон ҳидоятни қўйиб залолатни маҳкам тутадиган бўладими?!
Уларнинг бу шаккокликлари учун муқаррар азоб бор. Ҳуд (алайҳиссалом) бу азобни Яратувчи туширишини, ўзи ҳам улар каби оддий инсонлигини қавмига эслатиб ўтмоқда: «…Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман».  
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг чақириқлари, насиҳатлари уларга кор қилмади. Азоб келишининг хабари берилганидан кейин ҳам одатий ҳаётларини давом эттирдилар. Қуръони каримда уларнинг пайғамбарга берган жавоблари аниқ-равшан баён этилган: «Улар дедилар: “Сенинг ваъз­хонлик қилишинг ҳам, ваъз қилувчилардан бўлмаслигинг ҳам бизлар учун баробардир. Албатта, бу (айшу ишратга берилиш бизга) аввалгилардан қолган хулқ (одат)дир. Бизлар (дунёда ҳам, охиратда ҳам) жазоланувчи эмасмиз» (Шуаро, 136–138). Уларнинг қалбларига шу даражада маҳкам “қулф урилган”ки, келиши муқаррар азобнинг хабари ҳам дилларини ларзага солмаяпти. Бизга ҳеч қандай жазо берилмайди, деб хотиржам бўлиб қолмоқдалар. Қавм ўзига берилган неъматлар сабаб ғулуга кетиб, итоатсизлик қилмоқда. Неъматларни айшу ишратга, ғурур учун кераксиз қасрлар бунёд этишга сарф этмоқдалар. Ваъда қилинган азоб эса юборилди. “Уни (Ҳудни) ва у билан бирга бўлган (мўмин)ларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) халос этдик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса қириб ташладик. (Улар) мўмин бўлмадилар" (Аъроф, 72). 
Тафсир китобларида айтилишича, Ҳуд қавмига  Аллоҳнинг шамол азоби келгач, улардан бирорта қолмасдан қирилиб кетган. Имон келтирган саноқли кишилар эса омон қолган. 
Бу ҳақида Қуръони каримда: “Амримиз (шамол азоби) келгач, Ҳудни ва у билан бирга имон келтирганларни Биздан (бўлмиш) марҳамат туфайли халос этдик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик” (Ҳуд, 58), дейилади. Юборилган жазонинг қай тариқа келгани ҳақида Аҳқоф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир (қора) булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондирки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (қолдиқ) мас­канларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи кишиларни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 24-25). 
Хабарларда келтирилишича, Од қавмида қурғоқчилик бош­ланган. Аллоҳ таоло уларни ҳалок этишни ирода қилгач, ёмғирга ташна бўлиб турганларида бир булутни юборади. Қавм уни кўриб ўша булут остига тўпланиб туришганда қаттиқ шамол келади. Натижада улар етти кечаю, саккиз кун қум остида қоладилар. Сўнгра шамол ҳаммасини учириб бориб денгизга улоқтиради. Ҳуд (алайҳиссалом) билан бирга қолган мўминлар хавфсиз жойда омонда бўладилар.
Од қавмининг қиссаси бизларга ибрат учун Қуръони каримнинг турли сураларида қайта-қайта баён қилинган. 
Ривоятларда келтирилишича, Од қавмига беҳисоб бойликлар ато этилган. Улар бино қилган қаср­ларнинг ғишти тиллодан бўлган, деган хабарлар бор ҳатто. Куч-қувватда барча қавмлардан устун бўлиб, ақлу заковатда ҳам баркамол эдилар. Бунга қўшимча равишда фарзандлар, боғу роғлар ва булоқлар берилди. Бироқ  уларнинг шукрини адо этмадилар. Бу неъматлар уларга нима учун берилганини “баркамол ақл”лари билан тадаббур қилиб кўрмадилар. Ўзларига берилган жисмонан зиёдаликни яхшилик эмас, ёмонликка ишлатдилар. Бойликни эҳсонга эмас, айш-ишратга сарф этдилар... Топган оқибатлари эса бутун оламларга ибрат бўлди.
Од қавмининг қиссаси билан танишгач, менга берилган ҳар бир неъмат ҳақида, у нега берилди, унинг тасарруфида хатога йўл қўймаяпманми, дея фикр юрита бошладим. Авваллари оддийгина, табиий туюлган барча нарсалар – берилган қобилият,  тўрт мучамнинг соғлиги, тинч юртда яшаётганим, Аллоҳ карами билан ҳидоят топа олганим, ризқимнинг келишига сабаб бўладиган ҳалол касбимнинг борлиги улуғ  неъмат эканини теран тушуниб етдим. Бу неъматларни берган Ягона Аллоҳ бор. У неъматларни бандаларига шукр қилишлари, унинг воситасида Ўзига бандалик қилишлари яна биз ҳикматини англаб етмаган бошқа сабабларга кўра берган… Уларни буюрилганидек, Аллоҳнинг ҳадларини босмай, тоатидан чиқмай шукрини қилган ҳолда «ишлатишим» кераклигини англадим. Бугун шу анг­лаганларим туфайли қалбимда қўрқув билан дуога қўл очаман: "Эй, Раббимиз, бизлар Сенга имон  келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!" (Оли Имрон, 16)
 
Нигора МИРЗАЕВА