Ҳижознинг шимолий қисмидаги Ҳижр юртида истиқомат қилувчи Самуд Од қавмининг авлоди бўлиб, боида арабларидан ҳисобланган. Од қавми ҳалок қилингач, уларнинг имон келтириб, омон қолганларидан тарқалган қавм Самуд номини олди. Бу қавмга ҳам ота-боболарига берилган барча неъматлар инъом этилди. Улар жисман бақувват, ақлан етук, шу билан бирга моддий жиҳатдан бой эдилар. Бу ҳақида Қуръони каримда Самуд қавмига қарата бундай дейилади: “Сизларни (Аллоҳ) Од (қавми)дан кейинги халифа (авлод) қилгани ва текисликларида қасрлар (қуриб) олишингиз, тоғларидан ўйиб уйлар ясаб олишингиз учун сизларга Ердан жой берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва Ер (юзи)да бузғунчилик қилиб юрмангиз! (Аъроф, 74) Шу билан бирга уларда яна бир неъмат – ўтган Од қавмининг ҳалокатидан чиқарилган хулоса, олинган ибрат бор эди. 
Шу ибратларга, огоҳлантиришларга қарамай бу қавм ҳам саркашлик йўлини тутди, ҳақни қўйиб ботилга эргашиб кетдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни ҳақ йўлга бошлаш учун ўзларининг ичидан бир кишини пайғамбарликка танлади: «Самуд (қабиласига) биродарлари Солиҳни (пайғамбар этиб юбордик). (У) айтди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди. Бас, Ундан кечирим сўрангиз, сўнгра Унга тавба этингиз! Албатта, Раббим (бандаларига) яқин ва (дуоларни) ижобат этувчидир» (Ҳуд, 61). Бироқ аввал ўтган қавмлар сингари Самуд ҳам  пайғамбар қилиб юборилган зотнинг даъватларини қабул қилмади. Унинг  нубувватига, хабарларига нисбатан ишончсизлик билдирдилар: «Эй, Солиҳ! Бундан олдин умид қилинадиган киши эдинг. (Энди) бизга боболаримиз сиғинадиган нарсаларга сиғинишимизни ман этасанми? Биз сен даъват этаётган нарсангдан шак-шубҳадамиз» (Ҳуд, 62). 
Самуд ҳам аввал ўтган қавмлар каби Аллоҳнинг амрига бў­йинсунишдан кўра, ота-боболари сиғинган нарсаларга ибодат қилишни афзал билдилар. Бунинг учун Аллоҳнинг пайғамбарини инкор этиб, у кишига нисбатан ёмон гумонга бордилар. (Солиҳ) айтди: «Эй, қавмим! (Ўйлаб) кўрдингизми, мабодо Раб­бим томонидан ҳужжатим бўлиб, Ўзи томонидан раҳмат (пайғамбарлик) берган бўлса-ю, (мен) Унга итоатсизлик қилсам, Аллоҳ (жазоси)дан (қутулишимда) менга ким ёрдам беради (қутқаради)? Менга (сизлар) зиёндан бош­қа (нарса) орттирмаяпсиз (Ҳуд,63). Солиҳ (алайҳиссалом) ўтган бош­қа пайғамбарлардек ўз қавмини тинимсиз ҳақ йўлга даъват қилдилар. Уларга берилган неъматларни эслатиб, итоатга чорладилар. Бу ҳақида Шуаро сурасида шундай марҳамат қилинади: “Сизлар тинчгина бу ердаги нарсаларга, боғлар, булоқлар, экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари ичига (мангу) қў­йиб қўйилурмисиз?! (Йўқ, балки бу неъматлар вақтинчадир). Яна усталик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасиз (ясамоқдасиз)ми?! Бас, (ношукрлик қилишга) Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз! (Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида буз­ғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар» (Шуаро, 146–152). Солиҳ (алайҳиссалом)га эргашган кишилар ҳам қавмнинг бечораҳол кишилари эди. Саркашлик йўлини тутганлар эса мутакаббир зодагонлар бўлиб, қалбиларидаги кибр сабаб имон лаззатидан бебаҳра қолган эдилар.“Қавмининг мутакаббир зодагонлари уларнинг имон келтирган бечораҳол кишиларига: «Солиҳни Раббидан (юборилган) элчи деб биласизми?» – дедилар. (Улар) айтдилар: «Биз у орқали юборилган нарса (ваҳий)га ишонувчилармиз». Кибрга берилганлар эса: «Биз сизлар имон келтирган нарса (дин)га куфр келтирамиз», дедилар (Аъроф, 75-76).
Солиҳ (алайҳиссалом) ўша кибр қилиб, ер юзида бузғунчилик қилаётганлардан қавмни огоҳлантириб, уларга итоат қилмасликка чақирмоқдалар. Бироқ бу ҳидоятга чорловга берилаётган жавоб ақлни шоширадиган: «...Сен (пайғамбар эмас, балки) аниқ сеҳрланган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (даъвоингда) ростгўйлардан бўлсанг, бирор мўъжиза келтир!» (Шуаро, 153-154)
Қавм ўша пайтда қилиш мумкин бўлмаган, имконсиз нарсани талаб қила бошладилар: “Тош ичидан бир туя чиқар!”, дейишди. Талаб қилинаётган нарсанинг имконсизлигини билганлари учун овозларининг борича кулишди. Яна воқеликда туяда бўлиши мумкин бўлмаган барча сифатларни бир-бир қўшимча қила бош­лашди: “Жуда катта бўлсин, шу даражада катта бўлсинки, бутун қавм ичадиган сувни бир кунда ўзи ичсин! Жуни қизил бўлсин, жуда узун бўлсин. Қорнида ўн ойлик боласи бўлсин!” Аслида туянинг бир кун сув ичиши ақлга сиғмайдиган нарса. Шу билан бирга қизил рангдаги туя­ни дунё дунё бўлиб ҳеч кўрмаган. Шунингдек, аслиятда туянинг жуни калта бўлиши тайин. Бироқ улар қизил рангдаги узун жунли туяни талаб қилмоқдалар. Яна қорнида ўн ойли боласи билан?! 
Бу сўралган нарса Самуд қавмининг Солиҳ (алайҳиссалом)га нисбатан қилган мазахи, шунингдек, ҳаддан ошишидан бошқа нарса эмас эди. Солиҳ (алайҳиссалом) қавмидан: “Агар сўраган мўъжизангизни келтирсам, имонга кирасизларми?”, дея сўрадилар. Чунки сўралган мўъжизадан сўнг ҳам имон келтирмаганларнинг оқибати жуда ёмон бўлиши барчага маълум.  Шунда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига мўъжиза берди. Тош ичидан жуда катта, жуни узун ва қизил, қорнида ўн ойлик боласи билан туя чиқди. Солиҳ (алайҳиссалом) бу мўъжизани ўз қавмига шундай эълон қилди: “...(Менинг мўъжизам) мана шу туя­дир. (Маълум бир кун сув) ичиш нав­бати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир” (Шуаро, 155). Ҳуд сурасида келган туя ҳақидаги ояти каримада эса қавмни унга ёмонлик қилишдан қайтариб, бу ишлари муқаррар азобга сабаб бўлишидан огоҳлантиради: “Эй, қавмим! Мана бу – Аллоҳнинг мўъжизали туяси. Бас, уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб берингиз ва унга бирор ёмонлик етказмангиз. Акс ҳолда сизларни яқин (фурсатда) азоб тутар» (Ҳуд, 64). 
Аъроф сурасининг 74-оятига ёзилган тафсирда, жумладан, шундай дейилади: “Од қавми ҳалокидан кейин Аллоҳ таоло Самуд деб аталувчи қавмга Солиҳ (алайҳиссалом)ни пайғамбар қилиб юборди. Уларнинг эътиқодини синаш учун мўъжиза сифатида тош ичидан чиқарилган туяни ўз ҳолига қўйишга, сўйиб емасликка буюриладилар. Лекин қавм Аллоҳнинг амрига бўйинсунмасдан уни сўйиб еб юборишади. Шундан кейин Аллоҳ таоло уларни зилзила балоси билан ҳалок этади”. 
Мўъжизавий туя ўтлоқда ўтлаб юрар, қудуқдан бир кун қавм, бир кун туя сув ичар эди. Аслида бу қавмга бир синов сифатида берилган амр эди. Қавм талаб қилган сифатлар ўз бошларига бало бўлди.  Катта бўлсин, дея талаб қилган эдилар. Туя шу даражада катта эдики, у сув ичиш учун тушиб келаркан, ер  қимирлар, бунинг натижасида қавмнинг чорваси ваҳимага тушиб ҳар томонга тарқаб кетарди. Бир кун у сув ичсин деган талаблари ҳам ўзларига малол кела бошлади.  Туя сув ичганида бир кун бошини кўтармай сувлар, бутун қавм бир кун давомида сувсиз қолиб кетарди. Бу барча сабаблар Самуд қавмини безовта қилди. Яна энг асосийси, мўъжизавий туяни кўргач, инсонлар аста-секин имон келтира бошладилар. Аллоҳга интилган қалбларга Аллоҳ таоло ҳидоят солди.  Шунда  Самуд қавмининг малолари – буюклари туяни ўлдириш ҳаракатига тушдилар. Бу пайтда қавм ичидаги тўққиз кишидан иборат гуруҳ бор эди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилади: “У шаҳарда (Ҳижр шаҳрида) ислоҳот ўрнига ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар (бойвачча) кимсалар бор эди” (Намл, 48). Малолар, ўша гуруҳдан туяни ўлдиришни сўрашди. Бутун қавм эса уларни ҳимоя қилишга чоғланди. Туя сув ичгани келганида тўққиз киши ҳар томондан унга ташландилар. Бироқ унинг ҳайбати, кучи уларни шоширди. Улар қўрқиб, қочдилар. Гуруҳ бошлиғи, энг ашаддий буз­ғунчи Қудор исмли киши туя­ни оёғига уриб йиқитди: "Бас, уни (туяни) сўйдилар..." (Ҳуд, 65). Солиҳ (алайҳиссалом) етиб келганларида бутун қавм туянинг гўштини еяётган эди. (Солиҳ) деди: "Уйларингизда уч кун (ҳаётдан) баҳраманд бўлиб турингиз! Бу ёлғон эмас (чин) ваъдадир" (Ҳуд, 65). Солиҳ (алайҳиссалом) айтганларига мувофиқ тўртинчи куни Самуд устига Аллоҳнинг азоби келди. “Буйруғимиз (азобимиз) келгач, Солиҳни ва у билан бирга имон келтирганларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) ва ўша куннинг шармандалигидан халос этдик. Албатта, Раббингиз Қувватли ва Қудратлидир! Зулм қилганларни қичқириқ тутди. Бас, (улар ўз) уйларида мурдага айландилар. Гўё у ерда (олдин) яшамагандек (излари ўчиб кетди). Огоҳ бўлингизки, Самуд (қабиласи) Парвардигорини инкор этган эди. Огоҳ бўлингизки, Самуд (қавми)га ҳалокат етсин! (Ҳуд, 66–68). 
Таъкид жоизки, Самуд қавмининг яшаган жойи, қилган ишлари барча-барчаси кейинги қавмларга ибрат ўлароқ Қуръони каримда аниқ-равшан баён қилинди. Хабарларга қараганда, уларнинг яшаш жойлари ҳам ҳозиргача сақланиб қолган.  Солиҳ (алайҳиссалом), Самуд  қавми ҳақидаги хабарлар билан танишарканман, қалбимнинг англагани бу – ҳидоятни Аллоҳ фақат яхши кўрган бандаларигагина беради. Шунингдек, инсон ҳаётда қанчалик кўп воқеага гувоҳ бўлмасин, қанчалик кўп нарса билмасин, ундан тўғри хулоса чиқариш, ибрат ола билиш, фақат қалб кўзи очиқ кишиларгагина насиб этадиган бахтдир. Зеро, Самуд қавми истаганидек мўъжиза уларга берилди. Бу аслида бир башар қўлидан келадиган иш эмас. Бу бир илоҳий қудратнинг, илоҳий бир амрнинг инъикоси эди. Бироқ бадбахтликни кўрингки,  қавмнинг  асосий қисми ана шу илоҳий қудратни кўра билмади. Аждодлари ҳисобланган Од қавмининг бошига келган мусибатлардан хулоса чиқара олмади. Оқибатда ўз жонларига зулм қилдилар. 
Бизни ўтган қавмлар бошига келган ҳалокатлардан хулоса чиқаришга қодир айлагани учун Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин! Севганлари қаторида ҳидоятга йўллаган Аллоҳ буюкдир!
 
Нигора МИРЗАЕВА