• Рукни: Тарих
Иброҳим (алайҳиссалом) Сора (розияллоҳу анҳо) билан Қуддусда яшар, вақти-вақти билан келиб кўзининг нури фарзанди Исмоил (алайҳиссалом) ва Ҳожар (розияллоҳу анҳо)ни зиёрат қилиб кетардилар. Бир гал келганларида узоқроқ туриб қолди. Шунда Аллоҳга доимо вафо қилган зотга – Иброҳим (алайҳиссалом)га навбатдаги улкан синов келди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир” (Соффат, 106).
Бу синовнинг нимадан иборат эканини Аллоҳ таоло ўз Каломида: «Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” – деган эди...» (Соффат,102), дея англатади. Абул Баракот ан-Насафий Иброҳим (алайҳиссалом)нинг тушлари ҳақида бундай ёзади: «Иброҳим (алайҳиссалом) туш кўрган кечанинг эртаси Зулҳижжа ойининг ёлғон арафа (тарвия) куни эди. Кўрган туши Раҳмонданми ёки шайтонданми, била олмагани учун шу ном берилган. Иккинчи кеча туши аниқ бўлгани учун эртаси кун “арафа” деб аталган. Учинчи кеча яна ўша тушни кўриб, тонгда қурбонликка азму қарор қилгани учун у кун Қурбонлик (Наҳр) кунидир».
Тушлари аниқ бўлгач, Аллоҳнинг дўсти неча йилларда кўрган ўғилларини Аллоҳнинг амрига кўра қурбонлик қилишга қарор қилдилар. Буни ўғилларига айтдилар. Ўғиллари эса ҳам юксак одоб ва имон намунасини кўрсатдилар: “...Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. “Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики”, унга Биз нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз» (Соффат, 103–105). 
Тафсир китобларида келтирилишича, шайтони лаъин Иброҳим (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, уч маротаба йўлдан уришга ҳаракат қилди. Ҳар гал Иброҳим (алайҳиссалом) шайтонга етти марта тош отадилар. Ҳажда Мино водийсидаги уч жамаротга тош отиш Иброҳим (алайҳиссалом)дан қолгандир. 
Иброҳим (алайҳиссалом) фарзандларини олиб келиб ётқизарканлар, Исмоил (алайҳиссалом) бу борада отасига энг яхши ёрдамчи бўладилар: “Отажон, мени маҳкамроқ боғланг, юзимни ерга қаратиб ётқизинг, кўзимга кўзингиз тушиб, меҳрингиз товланмасин, пичоқни ўткир қилинг, жоним осон чиқсин!” Бу гапларни айтиш учун қанчалар кучли имон керак?!
Иброҳим (алайҳиссалом) ўғилларини пешоналаридан ўпиб, боғладилар. Ерга ётқиздилар, ўғилларининг бўғзига пичоқ тортдилар. Пичоқ Исмоил (алайҳиссалом)ни кесмади. Тошга урган эдилар, тош иккига бўлинди. Оловга “салқин ва омонлик бўл!” амрини берган Аллоҳ пичоққа ҳам кесма, деб буюрганди. Шунда Аллоҳ пайғамбарига садоқатининг мукофотини берди. “Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик” (Соффат, 107). Шу он Аллоҳ таолодан ваҳий келади: “Эй Иброҳим, тушингизни тасдиқ қилиб, садоқатингизни кўрсатдингиз. Энди бошингизни кўтариб, тоққа қаранг!” Жаброил (алайҳиссалом) қирқ йил жаннатда боқилган бир қўчқор билан кўринди ва такбир айтишни бошлади:“Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” Иброҳим (алайҳиссалом): “Ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!” Уларга Исмоил (алайҳиссалом) ҳам қўшилади: “Аллоҳу акбар ва лиллоҳил ҳамд!” Бугунги кунда биз айтадиган ташриқ такбири мана шундан қолган. 
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) Жаноби Ҳақнинг яна бир синовидан ўтдилар, ҳар галгидек вафо қилдилар, сўзсиз итоатда бўлдилар. Бу ишларнинг мукофоти ҳам шунга яраша: “Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гап­ларни қолдирдик. Иброҳимга салом!” (Соффат, 108–109). 
Иброҳим (алайҳиссалом)га Аллоҳдан амр бўлди. Аллоҳнинг уйини қайта қуриш амри. Шу пайтда Иброҳим (алайҳиссалом) юз ёшда, Исмоил (алайҳиссалом) эса 30 ёшда бўлганлар. 
Иброҳим (алайҳиссалом): “Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди”, дедилар. Исмоил (алайҳиссалом) доимгидек имонли киши берадиган жавобни айтдилар: “Раббингиз буюрган ишни адо этинг”.
– Сен ёрдам берасанми? – дея сўрадилар. 
– Ёрдам бераман, – дедилар. 
– Аллоҳ таоло менга мана шу ерга уй қуришни буюрди, – деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди ва Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Исмоил (алайҳиссалом) тош таширдилар, Иброҳим (алайҳиссалом) эса қурардилар. Бу ҳақида Қуръони каримда: «“Эсланг, Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан биргаликда Уйнинг (Каъбанинг) пойдеворини кўтарганларида, (шундай дуо қилдилар): «Эй Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Донодирсан! Эй Раббимиз, иккимизни Ўзингга бўйсунувчи эт ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)! Яна, бизга (ҳажга доир) ибодатларимизни кўрсатиб бер ва тавбаларимизни қабул эт! Албатта, Сен Таввоб (тавбани қабул этувчи) ва Раҳмлидирсан”»  (Бақара, 127–128).
Иброҳим (алайҳиссалом) ўғиллари билан Аллоҳнинг уйи­ни қурарканлар, қалбларидаги тақво билан энг хайрли дуоларини ҳам сўрадилар: “...иккимизни Ўзингга бўйсунувчи эт ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)...”! 
Аллоҳ таоло ўз ҳабибининг ҳурматини яна бир карра оширди. У зотни ҳаж амалларини йўлга қўйишга буюрди. Бу ҳақда Ҳаж сурасида бундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳ ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): «Менга бирор нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (намозда) тикка турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар (яъни ҳожилар ва намозхонлар) учун тозалаб қўйгин! Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар” (Ҳаж, 26–27). Иброҳим (алайҳиссалом) топширилган навбатдаги вазифани ҳам чиройли тарзда амалга ошириб, Аллоҳнинг мукофотига сазовор бўлди. У зот бутун инсониятни Аллоҳнинг йўлида ҳаж қилишга чақириб, чорлов қилдилар...
Иброҳим (алайҳиссалом) бир юз қирқ ёшга кирганларида, Масжидул Ақсони қурдилар. Бу пайтда Исмоил (алайҳиссалом) етмиш ёшда бўлганлари ривоят қилинади. 
Шундай қилиб Иброҳим (алайҳиссалом) барча мусулмонлар учун азиз бўлган икки маскан – Байтуллоҳ ва Масжидул Ақсони қуришдек шарафга ноил бўлдилар...
Иброҳим (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло яна бир фарзанд беришни ихтиёр қилган эди. Уларга бунинг хабарини фаришталар етказдилар: Қуръони каримда марҳамат қилинади: «(Эй Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: “Салом!” – дейишганда, у ҳам: “Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!” – деди. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, “(Таомдан) емайсизми?” – деди. (Лекин овқатга қўл чўзишмагач) улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: “Қўрқмагин! (Биз фаришталар таом емаймиз)”, – дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар. Шунда (Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: “(Ахир, мен) туғмас кампир(ман)ку!” – деди. Улар айтдилар: “Парвардигоринг мана шундай, деди. Албатта, Унинг ўзи Ҳаким (ҳикматли) ва Алим (билимли)дир”» (Зориёт, 24–30).
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бу азиз меҳмонлари Лут (алайҳиссалом) қавмига жўнатилган азоб фаришталари эди. Шунинг­дек, улар Иброҳим (алайҳиссалом) ва Сора (розиял­лоҳу анҳо)га бериладиган яна бир ўғилнинг – Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг хабарини олиб келишган эди. “Яна, Биз унга солиҳлардан (бўлғуси) пайғамбар Исҳоқнинг хушхабарини бердик” (Соффат, 112).
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуолари ҳар икки фарзандлари учун ҳам ижобат бўлди. Исҳоқ (алайҳиссалом) наслидан Исо (алайҳиссалом)гача бўлган барча пайғамбарлар дунёга келишди.
Исмоил (алайҳиссалом)нинг авлодларидан эса ҳотамул анбиё – Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунёга келдилар. 
Абу Исҳоқ Найсобурийнинг “Қиссасул анбиё” асарида келтирилишича, Сора (розияллоҳу анҳо) 123 ёшда Шомда вафот этган. Ҳожар (розияллоҳу анҳо) эса Сора (розияллоҳу анҳо)дан олдинроқ Маккада вафот этган.
Иброҳим (алайҳиссалом) 175 йил умр кўрганларидан сўнг бу дунёни тарк этдилар. У зот ал-Макфийла номли ғорга, завжалари Биби Соранинг ёнларига дафн қилиндилар. У жой ҳозирда Фаластиннинг Халил шаҳрида.
Яна ушбу асарда келтирилишича, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг канъонлик Яҳтон қизи Қатурдан Яқшон, Замрон, Маддон, Мадд, Ашяқ, Вашух исмли 6 ўғли бўлган. Ҳажун исмли араб хотинидан Кайсон, Фаррух, Аҳйам, Лавтон, Нофас исмли 5 ўғил туғилган. Демак, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг 13 нафар ўғли бўлган.
Аллоҳ таоло: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир...” (Мумтаҳана, 4), деб марҳамат қилган. Мен ўша намуналарнинг барчасини тўлиқ ўргана олмагандирман, бироқ Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳаёт йўллари ҳар ишда Аллоҳга суянишнинг таълимини берди. Аллоҳга бўйсуниб, унга таваккул қиларканман, бу залворли ҳаёт йўлларида одим отиш осонлашади. Унинг ҳар амрига лаббай, деб жавоб қайтаришга қийналганимда эса ёдимга яна Аллоҳ халилининг гўзал оқибатини оламан: Ахир у зотни Аллоҳ таоло: “Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилувчи, ҳақ йўлдан чалғимаган бир уммат (пешво) эди, мушриклардан эмас эди” (Наҳл, 120) дея мақтаган-ку! 
Бугун Иброҳим (алайҳиссалом) ва уларга эргашган мўминларнинг дуосини такрорларканман, қалбимни бир сокинлик эгаллайди. «...Эй Раббимиз! Сенгагина таваккул қилдик, Ўзингга қайтдик ва қайтишимиз ҳам фақат Сенинг ҳузуринг саридир» (Мумтаҳана, 4).
 
Абул Баракот Насафийнинг "Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил" тафсири,
Абу Исҳоқ Найсобурийнинг "Қиссасул-анбиё" асарлари асосида 
Нигора МАМАСАИДОВА тайёрлади.