Макка аҳолиси тавҳид чақириғини қабул қилмай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп азиятлар етказди. Натижада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) она юртлари Маккадан Ясрибга жўнаб кетдилар. У ерда ҳам инсонларни Аллоҳ таолонинг ҳақ дини – Исломга чақиришдан тўхтамадилар. Ниҳоят, Макка ширкдан халос бўлди. Каъбани бутлардан тозалаш вақти етиб келди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратнинг ўн саккизинчи йили Рамазон ойида ўн минг кишили қўшин билан Мадинадан Маккага қараб йўлга чиқдилар.
Шаҳардан тахминан ўн олти чақирим беридаги Марруз Заҳрон деган жойда қароргоҳ қурилди. Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қоронғи тушгач, ҳаммага машъала ёқишни буюрдилар. Бу билан У зот (алайҳиссалом) маккаликларга қўшин ҳайбатини кўрсатмоқчи эдилар. Ҳақиқатдан ҳам бу ҳолат Макка аҳлини талвасага солиб қўйди ва вазиятни ўрганиш учун Абу Суфённи юборишди.
Макка раиси Абу Суфён Ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди, узоқ тараддудланди, сўнг Исломни қабул қилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ниҳоятда тавозе билан, туяларининг бўйнига ёпишган ҳолда тасбеҳ, таҳлил ва дуолар айтиб, Аллоҳга шукр қилган ҳолда Маккага кириб бордилар. Шаҳарнинг ҳар тарафига назар ташладилар. У зот (алайҳиссалом)га нисбатан шафқатсизларча муомала қилган Макка аҳли энди У зотга таслим эди. Сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) машҳур хутбаларини бошладилар:
«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, фақат ёлғиз Ўзигина мавжуддир. Унинг тенги ва шериги йўкдир. У ваъдасига вафо қилиб, берган сўзини бажарди. Бандаларига ёрдам этиб, ёлғиз Ўзи барча душманларини тор-мор қилди. Шуни яхши билингларки, бугун жоҳилият одатлари, мол ва қон даъволари ҳаммаси шу икки оёғимнинг остидадир (яъни,­ бекордир). Фақатгина Каъба хизматлари ила ҳожиларга сув тарқатиш вазифаси бундан мустасно.
Эй Қурайш халқи! Аллоҳ сизларга жоҳи­лият ғурурини тарк этишни, оталари ва насаби ила кибрланмасликни буюрди. Барча инсонлар Одам (алайҳиссалом)дан тарқалган, у зот эса тупроқдан яратилгандир», деб, ушбу ояти каримани келтирдилар:
«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)­дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва  хабардор Зотдир» (Ҳужурот, 13).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу маърузаларида бугун инсониятга зарур бўлган юксак инсоний фазилатларни, ижтимоий бирдамлик ғояларини эълон қилдилар. Ҳеч қайси миллатнинг бошқа миллатдан устун тарафи йўқ. Зеро, ирқ, ранг, тил, насабдан қатьи назар, ҳамма баробардир. Одамлар амалларига кўра, шараф ва фазилатда фарқланиши мумкин, холос. Ҳамма меҳнат, шижоат туфайли юксалади, яхши ишлари билан обрў-эътибор топади. Инсонларнинг энг яхшиси инсониятга, жамиятга фойдаси теккан кишидир.
Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу маърузадан сўнг тўпланганларга назар ташладилар. Уларнинг орасида Қурайш пешволари мағрур бошларини эгиб, жим туришар эди. Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га не-не зулмлар қилишмади?! Муборак зотга қўл кўтаришди, ҳақорат қилишди, ҳатто ўлдирмоқчи ҳам бўлишди. Макка аҳлидан сўрадилар:
“Эй Қурайш аҳли! Сизларга қандай муомала қилишимни хоҳлайсизлар?”
Маккаликлар бир овоздан: “Сиздан яхшилик умидидамиз. Сиз саховатли ва олижаноб инсоннинг фарзандисиз”, деб жавоб беришди. У зот душманларига қарата:
«Мен ҳам Юсуф (алайҳиссалом) ўз иниларига айтганидек: “Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир” (Юсуф, 92), дейман. Энди тарқалинглар, ҳаммангиз озод ва ҳурсизлар».
Бу жумлалар тарихга олтин ҳарфлар билан битилди ва инсоният бу олижанобликни теран англамоғи лозим. Кучли ва ғолиб пайтда афв этиш ҳар қандай одамнинг қўлидан келавермайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурайш таслим бўлгач, уларга нисбатан адоват қилмадилар. Раҳм қилдилар, зулм қилмадилар.
«Ислом душманларидан бири Сафвон ибн Умаййа Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузур­ларига келиб, бундай деди: “Мени афв этибсиз”, деб эшитдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, тўғри!” дедилар. Сафвон: “Лекин мен дарҳол Исломни қабул қилишни хоҳламайман. Ўйлаб кўришим учун менга икки ой муҳлат беринг”, деди. Шунда у зот: “Сенга тўрт ой муҳлат бераман”, дедилар».
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада бирор аскар қол­дирмасдан, эндигина Исломни ўша куни қабул қилган маккаликни ушбу муборак шаҳарга раис этиб тайинлаб, Мадинага қайтдилар. Буларнинг барчаси у зот (алайҳиссалом)­нинг нақадар сабр-тоқатли ва бағрикенг эканлик­ларини кўрсатади.
 
Маъруф РУСТАМОВ,
Ургут туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди имом-хатиби