Тарихий маълумотларга кўра, Заҳирид­дин Муҳаммад Бобурнинг (1483–1530) “Мубаййин” рисоласи ҳижрий 928 (милодий 1521) йилда ёзиб тугалланган. Мумтоз адабиётимиз анъанасига кўра, китоб Аллоҳ таоло номи билан ҳамда Унга ҳамду сано:
 
Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,
Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим...
Қодиру баркамол Тенгридир,
Қоҳиру зулжалол Тенгридир...
 
Ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавоту дурудлар изҳори билан бошланади:
 
Вожиб ўлди бориға шукри Худой,
Мустафо бўлди бизга Раҳномой.
Йўлчисиз йўлда ким бора олғай,
Борса, аввал қадамда ўқ қолғай.
 
Агар фикр юритилса, рисола ёзилган йиллар шоҳ Бобурнинг Ҳиндистонга юришлари, яъни жангу жадаллар даврига тўғри келади. Асар билан танишиб, унга боғланиб борганинг сайин бир ҳақиқатни, яъни ҳаётининг ҳар қандай даврида ҳам Аллоҳга бандалик, расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га умматлик фарз ва бурчларини адо этиш Бобур учун энг муҳими бўлганини англаймиз. У фарзандларига қўл остидаги беҳисоб мол-мулк, бойликларни эмас, соф Ислом ақидаларидан таълим бергувчи китоб қолдиришни шараф ва афзал билди. Назми сабабини бундай ифодалайди:
 
Билгасен, эй хўжастайи фарзанд,
Жигарим бирла жонимга пайванд.
Масъалаларки, ул зарур эрди,
Билмасанг, динингга қусур эрди...
Тонглалиқ кундаким ҳисоб ўлғай,
Менга ажру сенга савоб ўлғай.
 
Асарнинг “Эътиқодия” (“Имон-эътиқод китоби”), “Китобус салот” “Намоз китоби”), “Китобуз закот”, “Китобус савм” (“Рўза китоби”), “Китобул ҳаж” бобларида соғлом исломий ақида – Аҳли сунна вал жамоат ақоиди ва фиқҳий масалаларни ҳазрат Нуъмон ибн Собит – Имоми Аъзам ва ҳанафийлик мазҳабидаги бошқа мўътабар манбаларга; олти улуғ муҳаддисларнинг тўпламларида келган ҳадисларга; Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобига асосланиб равшан баён этилган.
 
Ким аввал бўлса болиғу оқил,
Анга беш фарздир, муни билгил.
Бири имондуру икинчи салот,
Бу икидин кейин учунчи – закот,
Рамазон рўзасию ҳаж ўтмак,
Фарзи айн бўлди ушбу беш, бешак.
 
Заҳириддин Муҳаммад Бобур фиқҳий илмларни чуқур ўрганган, уларга амал қилмоқни чин дунё саодатининг йўли деб билгани сатрларда акс этади:
 
Бебақо дунё иши саҳлдурур,
Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур – 
 
яъни, ўткинчи дунё иши осон ва енгил, дин ишини эса бу илмга эга бўлган аҳли бажара олади. Шунинг учун ҳам муаллиф асарда имон шартлари, намоз, закот, рўза, ҳаж амалларининг фарзлари, вожибу суннатларини назмий тарзда тўлиқ баён этган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг саъй-ҳаракати, меҳнату ижоди Аллоҳ розилиги йўлида холисанлиллоҳ эканини алоҳида таъкидлайди:
 
Ушбуларким дедим, бўлинг огоҳ,
Бордурур барча холисан-лиллоҳ.
Бу демакдин ғараз Ҳақ эрдию, бас,
Шеъру шоирлиқ эрмас эрди ҳавас.
 
Гарчи бу китобни Бобур ўз фарзандлари Ҳумоюн Мирзо ва Комрон Мирзога дастуриламал сифатида ёзган бўлса ҳам, айтиш мумкинки, “Мубаййин” туркий халқларга фиқҳий масалалардан таълим берувчи қўлланмалардан бири бўлиб қолди.
 
Муҳтарма УЛУҒОВА