• Рукни: Тарих
Бухоро ўтмиши саҳифаларини уч Ойпошша Биби  номлари безаб туради. Булар Абулфайзхоннинг волидаи муҳтарамаси, Абдулазизхоннинг онаси, подшоҳ қизи – подшоҳ синг­лиси Ойпошша Бибидир. Бухоро шаҳристони ва ундан ташқари ҳудудларда “савоби жория” учун тарихий обидалар қурдирган учала аёл ҳам Жўйборий хожалар авлодидан. Улар машҳур Чор Бакрлар қизи, неварасию чевараси бўлганлар.
 
Чор Бакрларнинг саховат­пешалик тарбиясини олган Пош­ша Бибилар қолдириб кетган катта хазиналарни бугун воҳага келаётган сайёҳу меҳмонлар ҳайратда томоша қилиб, бир дунё таассуротлар оғушида қолаётганлари бежиз эмас. 
Чор Бакрлар қизи бўлмиш Субҳонқулихоннинг аёли ота-­онасидан катта меросий мулк туҳфа олади. У бу туҳфаларни ўзи учун сарф қилишни истамай, “савоби жория” сифатида, Бухоро шаҳристони ичидан бино қуриш учун подшоҳликдан жой сўрайди. Бу илтимосга кўра, қадимий Арк қўрғонининг кунботар томонидаги Ҳавзи баланд қаватидан ажратилган ерни Ойпошша Биби туҳфа сифатида эмас, “Зарга сотиб олинган ерда қад ростлайдиган бино тилладай қимматли бўлсин” деб, ҳар қаричини зархарид қилиб олади. Бибининг пок нияти ижобат бўлди. Ҳавзи баланд (бу ҳовуз тўрт томони тахтакорий қилингани ва ердан баланд бўлгани учун шундай номланган) ҳашаматли хонақоҳ қурилди. 
Амир Олимхон ҳукмронлиги даврига келиб, Пошша Биби қурдирган бинонинг пештоқига гул таққандай қилиб, айвон тикланди. Айвон 22 та устунли бўлиб, ҳамма устунларига бошию адоғигача безак берилди. Айвон рўпарасида ихчамгина минора ҳам тиклаб, ҳавзи тахтани тошҳовуз, саҳнни мавзега айлантиришда машҳур Уста Ширин маҳоратини кўрсатди. Бугун Бухоро шаҳристонида Болоҳовуз номи билан машҳур мавзенинг тарихи ана шундай.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қадамжойидаги Оппоқ Ойим масжиди нақшу нигорлари киши диққатини тортади. Масжиднинг шифти гулнорий ранг билан беза­тилган. Чор Бакрлар авлодидан бўлмиш иккинчи Пошша Биби мазкур зиёратгоҳда масжид қурдирар экан, безак берувчи усталарга шоҳ ходими орқали  айттириб юборган экан: “Нақши кундалий бунёдида игна учидек бўшлиқ ҳам қолмасинким, кўнгилда бўшлиқ пайдо бўлишидан қўрқаман!” Пошша Биби ота-онасидан мерос қолган мевали боғ даромадидан мазкур қадамжода Дарвозаи Тоқи Миёна тиклади. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қадамжойидаги Дарвозаи Боби Салом, Дарвозаи Диловар, қадимий Кавшкаш обидасидан кейин қад кўтарган Дарвозаи Тоқи Миёна жуда ҳашаматли. Шарқ, ғарб томонида  пештоқ, ичкариси миёнсарой. Миёнсаройнинг ўнг, чап қанотидан иккита ихчамгина хона: бири дарсхона, иккинчисидан масжидга кирилади. Дарвозаи Тоқи  Миёнанинг ичкари, ташқарисига усталар кўпроқ ироқий нақшлардан безак беришган.
Чор Бакрлар шажарасининг яна бир саховатпеша аёли – Бибижон хоним ўтмишдошларининг хайрли амалларидан баҳра олиб, уларга издош бўлди. Бухоро шаҳристони деворидан ичкари жануб томонида отасининг унга атаб қурдирган боғи этагида катта қатнов йўли билан туташ мавзе тиклашни маслаҳат солган эди, ўғли – шоҳ Абдулазизхон бош эгиб маъқуллади. Абдулазизхон волидаи муҳтарамаси кўнгли тубидаги орзу – ҳовуз, масжид ва мадраса қурдиришга киришди. Ниҳоят, тарихий Дарвозаи Шайх Жалол рўпарасида учлик шаклидаги обидалар: сув хазинаси – ҳовуз, илм махзани – мадраса ва кўнгил изҳори маскани – масжиди жоме қад ростлади.
Бухоро аҳли янги ҳовуздан оби ҳаёт ичдилар. Масжидга бориб, Аллоҳ таолога саховатли оналар меҳнати ризоси шукрини қилдилар. Мадрасадан эса дарси ибрат ўргандилар. “Волидаи Абдулазизхон” номли мавзедаги бу жавоҳиротлар элга, Ислом динига, илму маърифатга чексиз муҳаббат тимсоли бўлиб қад кўтариб турибди. 
      
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро шаҳар “Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби