Самарқандлик ёши улуғ кишилар ҳикоя қиладилар: «Бу юртга илк мусулмон даъватчилари келганда ўша пайтдаги Самарқанд ҳукмдори Тархун мусулмонларни қабул қилиб, улар билан суҳбатлашган. Улар Ислом дини ҳақида бир четдан сўзлай бошлашган. Шунда Тархун: “Тўхтанглар, сизларга бир саволим бор. Айтинглар-чи, ўликларингизни нима қиласиз? Уларни сўнгги манзилига қандай кузатасиз?” деб сўрабди. У ўша пайтдаги диний удумга кўра, ўликларни “Оқ тепа”, “Сарвон тепа” каби тепаликларга қўйиб, ўлаксахўр, қузғунларга ем қилинишидан қаттиқ ранжиб юрар эди, аммо бу иш диний эътиқодга бориб тақалгани боис, бир нима дейишга журъат қила олмас эди. Кўча-кўй, бозору маҳаллалар устидан учиб ўтаётган ўлаксахўрларнинг ўз полапонларига олиб кетаётган жасад парчалари бирдан оғзидан тушиб кетиб, одамларни чўчитиб, қийин аҳволга солиб қўяётганини кўрган ҳукмдор ҳар гал бу удумни ич-ичидан қарғаб қўяр ва бундан қутулиш чорасини ўйлаб юраркан. Шу боис унинг биринчи саволи шу мавзуда бўлди.
 
Мусулмонлар Ислом динига кўра, вафот этган одам қандай дафн этилишини унга айтиб беришди: “Бизда, аввало, вафоти яқинлашган инсонга имон калимаси талқин қилинади, ёнида Аллоҳнинг каломи – Қуръони карим оятларини ўқиш тавсия этилади. Бу унинг Аллоҳ ҳузурига имон билан кетишига, қалби ором олишига ёрдам беради. Вафот этганидан сўнг у авайлаб, эҳтиром билан покланади. Уни қаттиқ ушлаш, қўполлик қилиш мумкин эмас. Унга таҳорат ва ғусл қилдирилади. Кейин покиза матога кафанланади – махсус тартибда ўралади. Таҳорат, ғусл қилдириш тартиби, кафан қандай бўлиши кераклиги ҳам белгилаб берилган. Кафанланган жасад тобутга солиниб, қибла тарафга қўйилади-да, марҳумга Аллоҳдан мағфират сўраб, жаноза намози ўқилади. Жаноза тўрт такбирдан иборат бўлиб, такбирлар ўртасида махсус дуо ва зикрлар қилинади. Кейин эса маййитни елкаларида кўтариб олиб бориб, ер остига – қабрга кўмилади. Қабрда уни қибламизга юзлантириб қўямиз... дафндан сўнг маййитнинг ҳақига дуолар қиламиз. Ўликларимизни тириклардан зиёда эҳтиром қилишга буюрилганмиз, уларга на жисмоний, на маънавий озор етказишга йўл қўйилмайди”.
 
Даъватчиларнинг бу гапларини эшитган ҳукмдор лол қолиб: “Ўликларгаки шундай эҳтиром кўрсатиладиган бўлса, сизнинг динингиз бизнинг динимиздан минг чандон яхши экан”, дея Исломни қабул қилган экан». 
 
Ҳа, доно самарқандликлар ўша пайтданоқ Ислом аҳком­ларининг афзаллигини, қадрини тушуниб етишган. Ҳақ дин билан бизни сийлаган Раббимизга чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!
 
Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД, 
Тошкентдаги "Ислом ота" жоме масжиди имом ноиби