Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
 
Мусулмон Шарқи олами ўрта асрларда маданият, санъат ва фан соҳаларидагина эмас, балки адабиёт йўналишида ҳам пешқадамлик қилган. Хусусан, подшоҳлар саройларида йилномалар, хотиралар, насиҳатномалар кенг ривожланган. Нафақат мусулмон оламида, балки жаҳон зиёлилари орасида маълум ва машҳур, катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётган, деярли барча етакчи хорижий тилларга таржима қилинган Кайковуснинг “Қобуснома”, Низом-ул-Мулк­нинг “Сиёсатнома” ва Амир Темурнинг «Тузуклар» асарларини элимиз ҳамиша ардоқлаб, мутолаа қилиб келган. Аллоҳнинг улуғ неъмати – мус­тақиллик шарофати ила рес­публикамиз фуқаролари учун ушбу асарлар, жумладан, Амир Темур «Тузуклар»идан баҳраманд бўлишларига имкон яратилди. 
 
«Тузуклар»да нафақат давлат тузиш ва уни бошқариш, давлат ободончилигини ҳамда тинчликни таъминлаш, суд, тиббий хизмат, меҳнат тақсимоти тартиботлари, балки муқаддас ва тинчликпарвар динимизга тўғри эътиқодни йўлга қўйиш, уни хорижийлар, қарматийлар каби жангари оқимлар таъсиридан сақлаш, камбағалларга мурувват кўрсатиш, илмлиларни ва ҳунармандларни ардоқлаш, оқибатли ва кечиримли бўлиш, аҳли аёл ва зурриёдларга меҳрибонлик кўрсатиш каби мавзулар донолик ҳамда чуқур мантиқ асосида ёритиб берилган. 
 
Ҳазрати Амир Темур Соҳибқироннинг ҳукмдорлик фаолиятларининг асосий мақсади ҳам инсонларнинг манфаатлари, эл-юрт тинч­лиги ва адолат бўлган.
 
Тузукларда муқаддас Ислом динимиз буюрган амаллар: яқин кишиларга оқибатли бўлиш, кучсизларни суяш, уларга мурувват кўрсатиш, кечиримли бўлиш, мамлакат ободончилиги билан шуғулланиш каби мавзуларга кенг ўрин берилган. Жумладан, Соҳибқирон асарда бундай  дейди: “...адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози этдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, сипоҳийларга инъомлар улашдим”.
 
Шуни ҳам алоҳида таъкид­лаш жоизки, Амир Темур ҳазратларининг «Тузук­лар»и Ислом дини тамо­йилларидан четга оғиб, қон тўкиш, фитна ва бузғунчилик амаллари йўлига кириб қолган хавфли ва зарарли оқимларга қарши курашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Асарда Ислом дини ниқоби остида қонли фаолият юритган қарматий ва хорижия йўналишларининг кирдикорлари фош этилган. Жумладан, Абу Тоҳир бош­чилигидаги қарматийлар ҳижрий учинчи юз йилликда Маккаи мукаррамани босиб олиб, арафа куни ҳажга борганлардан ўттиз мингтасининг жонига қасд қилган, муқаддас қора тошни Каъба деворидан суғуриб олгандилар. Мусулмон мамлакатларини вайрон этиб, халқни қатлиом ва талон-торож қилгандилар. «Тузук­лар»да уларнинг бу қилмишлари қаттиқ қораланади ва Ислом динининг туб моҳияти тинчлик ҳамда инсонпарварлик экани таъкидланади.
 
«Тузуклар»нинг юқоридаги фазилатларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарга катта ҳурмат ва эътибор кўрсатар, ундан иқтибослар келтирар эдилар. У киши, жумладан, бундай дегандилар: “Шахсан мен Соҳибқирон бобомиз бизга мерос қилиб қолдирган «Тузуклар»ни ўқисам, худдики ўзимга қандайдир катта руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ҳар бир сатри бир умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, улкан давлат арбобининг кенг миқёсдаги ўй-фикрлари, ҳаёт ва кураш тажрибаси, мушоҳадаси, баъзан эса дардли ва изтиробли кечинмалари билан суғорилган бу асарда қандай теран маъно мужассам эканини маърифатли, зукко китобхон яхши англайди, албатта”.
 
Давлатимиз мустақиллигининг биносини яратган муҳтарам Биринчи Президентимиз Соҳибқирон Амир Темур «Тузук­лар»ини мутолаа қилиш раҳбарларга ҳам, оддий инсонларга ҳам бирдек фойдали эканини алоҳида уқтириб, бундай дегандилар: “Улуғ аждодимиз, гарчи буюк бунёдкор ва жаҳонгир бўлса-да, куч-қудрат зўрлик ва зўравонликда эмас, аксинча, адолатда, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда эканини ниҳоятда чуқур англаган. Унинг давлатни оқилона бош­қариш, ўта мушкул ва имконсиз вазиятда ҳам тўғри йўл, тадбир топа олиш қобилияти, ноёб ақл-заковати ҳар қандай одамни ҳайратга солади. Амир Темурдек буюк ва бетакрор сиймони ҳар томонлама тушуниш, у барпо этган қудратли салтанатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-мафкуравий асосларини, Соҳибқироннинг давлат бошқаруви борасидаги улкан салоҳияти, маҳорати, билим ва тажрибаларини ўрганишда, умуман айтганда, ҳаёт сирларини англаб етишда «Тузуклар» бебаҳо қўлланма бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бу китобни қайта-қайта мутолаа қилиш, унинг мағзини чақиш биринчи галда раҳбар, етакчи бўлишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган одамлар учун, қолаверса, ҳар қайси зиёли инсон учун бағоят фойдали экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Ишончим комилки, ёшларимиз бу китобни меҳр қўйиб, тушуниб, чуқур англаб ўқиса, уларнинг қалбида миллий ғурур туйғуси юксалади, ўзининг қандай буюк зотларнинг авлоди эканини янада чуқурроқ ҳис этиб, ҳаётнинг ҳар қандай синов ва қийинчиликларини енгишга қодир инсонлар бўлиб вояга етади”.