• Рукни: Тарих

“Исро” сўзининг маъноси – тунги юриш, “меърож” кўтарилиш демак. Меърож ҳодисасининг асл маъноси эса, Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг бир кечада мўъжизавий саёҳат­лари ва энг юксак мақомларга кўтарил­ган­ларидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг меърожлари Мадинага ҳижрат қилмасларидан бир йил аввал Маккада, ражаб ойининг 27-кечасида содир бўлган. Каъбада ухлаб ётган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Жаброил (алайҳиссалом) уйғотиб, Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳузурига чорлагани ҳақида хабар бердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом) етаклаб келган “Буроқ” исмли учқур отга миндилар, бир зумда Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога етиб келишди. Бу ерда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кутиб турган пайғамбарлар жамоат бўлиб, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликларида икки ракат намоз ўқишди.
Шундан кейин Жанобимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўкка юксала бошладилар. Ўша кеча Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч бир инсон ва ҳеч бир малак етишолмайдиган юксак мақомга Сидратул Мунтаҳога кўтарилдилар. Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Маъсуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, “Сидратул мунтаҳо” еттинчи осмондаги дарахт бўлиб, унинг шохлари дуру ёқут ва забаржадлардан иборатдир. Ердан нимаики кўтарилиб чиқса, интиҳоси унга етади ва юқоридан нимаики тушса, интиҳоси унга етади. Шунинг учун ҳам “Мунтаҳо” яъни, интиҳосига бориб етадиган жой деб аталади (Ибн Касир тафсири, III жилд).
Бу Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўрсатган улуғ мўъжизаларидан биридир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога қилган тунги сайрлари – Исро ҳодисаси Қуръон билан собит бўлган: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун тунда (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул Ақсога сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдилар.
Ўша кечанинг ўзида ортларига қайтган Жанобимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор маънавий ҳадялар келтирдилар. Улар – кунда беш вақт намоз, Аллоҳга шерик қўшмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч оятидир.
 
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи 
тайёрлади