• Рукни: Тарих
Ўзбек халқининг инсонпарварлик, меҳмондўстлик, етимпарварлик, саховатлилик, меҳру оқибатлилик фазилатлари Иккинчи жаҳон уруши йилларида яна бир карра бор бўйи билан намоён бўлди. Тарих саҳифаларида қолган ушбу рақамлар моҳиятида имон, инсоф, эзгу ишларни қўллаб-қувватлаш каби олижаноб хислатларнинг асрлар оша қадр-қимматини йўқотмайдиган ҳаётий мактаб бор: Урушнинг дастлабки йилларида халқимиз Украина, Белорус, Молдавия, Болтиқбўйи республикаларидан кўчириб келтирилган бир миллиондан ортиқ кишини, жумладан, 200 мингдан кўпроқ етимларни бағрига олди. 
Кўчириб келтирилганлардан 100 минг нафари Андижон вилояти, 165 минг киши Самарқанд вилояти, 53600 киши Наманган вилоятининг шаҳар ва қишлоқларига қисқа муддатда жойлаштирилди. Маҳаллий халқ ўз нони, кийим-кечаги, турар жойини улар билан баҳам кўрди.
Боқувчисиз қолган болаларни жуда кўп оилалар фарзандликка олдилар. Тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамова оиласи 14 нафар; урушдан ногирон бўлиб қайтган каттақўрғонлик Ҳамид Саматовлар оиласи 13 нафар; самарқандлик колхозчи аёл Фотима Қосимова оиласи 10 нафар... турли миллатга мансуб болаларни меҳру мурувватли бағрига олиб улғайтирдилар. 
1942 йили 1513 меҳнат жамоаси госпиталларни оталиққа олиб, уларни ёқилғи, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб турди. Уруш йилларида республикамиздаги госпиталларга 164382 нафар ярадор ва беморлар жойлаштирилиб, улардан тўқсон фоизга яқини даволаниб чиқди... 
Бу ўринда расмий хужжатларда қайд этилган айрим рақамларни келтирдик, холос. Аслида, адолат тантанаси, эзгулик ва тинч-осойишта ҳаёт барқарорлиги учун молини, жонини-да аямайдиган халқимизнинг мард ўғлонлари жанггоҳларда, уруш орти меҳнат жабҳаларида кўрсатган жасоратлари, фидойиликлари, тантилиги, саховатлари таърифини адо этиш қийин. Зеро, бугунги ёруғ кунларнинг келишига у азиз инсонлар ҳам сабабчидир. Иншоаллоҳ, ўтганларнинг чин дунёларини обод, уларни ҳамиша осойишта, ҳур кунларда эҳтиром ила хотирлаб, дуолар билан руҳларини шод этиш авлодларга насиб этсин.
 
Муҳтарама Улуғова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган 
маданият ходими