• Рукни: Тарих

“Абодила” сўзи “Абдуллоҳ” исмининг кўплик шаклидир. Ибн Салоҳга кўра, “Абдуллоҳ” исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. “Абдуллоҳ” исмли саҳобаларнинг барчаси “абодила” дейилади, аммо фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис илмида бу истилоҳ Қурайш қавмидан бўлган машҳур тўрт саҳобий – Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Зубайрга нисбатан ишлатилади. Бу зотлар бошқа саҳобаларга нисбатан ёш эса-да, илм-маърифати юксак бўлгани боис одамлар улар ҳузурига тез-тез келиб, турли савол ва фатволар сўраб туришган. Улар фақат ибодат ва тақволари билан эмас, ҳар хил масалаларга топган ечимлари билан ҳам шуҳрат қозонишган. Фиқҳда “бу абодиланинг сўзи”, дейилса, шу тўрт саҳобий назарда тутилади.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд Қуръони карим тиловати ва тафсири, ҳадис ва фиқҳ соҳасида жуда кенг қамровли илм соҳиби бўлишига қарамай, абодила қаторига қўшилмаган. Аҳмад ибн Ҳанбалдан “Абодила кимлар?” деб сўралганида, у юқорида айтилган тўрт саҳобани санаган. Сўнг “Абдуллоҳ ибн Масъуд абодила ҳисобланмайдими?” деб сўрашганида, Имом Аҳмад: “Ибн Масъуд абодиладан эмас”, деб жавоб берган. Байҳақий “абодила” истилоҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд даврида қўлланилмаганини таъкидлайди.

Китобларда “уч абодила” истилоҳи ҳам учрайди. Бу ҳолда юқорида айтилган саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зубайр тушириб қолдирилади. Айрим уламолар Абдуллоҳ ибн Масъудни ҳам абодила қаторида санагани учун баъзи китобларда: “Уч абодила ва Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қавли”, деб келтирилади. Жавҳарийнинг машҳур “ас-Сиҳоҳ” номли асарида Абдуллоҳ ибн Зубайр ўрнига Абдуллоҳ ибн Масъуд абодила сафига қўшилган. Ибн Ҳумом “Фатҳул-қодийр”да келтиришича, ҳанафийлар Ибн Масъудни абодила қаторида санаганлар.

Хулоса қиладиган бўлсак, “абодила” дейилса, ҳанафий фақиҳлари наздида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар , жумҳур муҳаддислар наздида эса, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ва Абдуллоҳ ибн Зубайр тушунилади.

 

Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби