• Рукни: Тарих

 

Қуръони каримда пайғамбар Мусо ва унинг онаси Жозия ҳақидаги кўп воқеалар зикр қилинган. Бу аёл ҳазрат Ёқубнинг ўғилларидан бири Ловий наслидандир. Қуртубий тафсирида Жозиянинг шажарасини Саълабийдан Лавҳо бинти Ҳонд ибн Лаво ибн Яъқуб деб ривоят қилади.

Қаҳрамонимиз ҳаёти хақида Қуръони карим оятлари ва тафсир китобларида тўлиқ маълумот берилган эмас, бироқ унинг сабру қаноати ва Раббисига итоати хақида ёрқин далиллар келтирилган. Аллоҳ таоло пайғамбарининг онасига илҳом орқали баъзи нарсаларни билдирган.

Ўша даврда Миср фиръавни кибр ва туғёнга кетиб, ўзини “Улуғ Аллоҳ” деб эълон қилган ва вазири Хомон билан Бани Исроил халқига қаттиқ азоб берган. Зулмни ўзига ва бандаларига ҳам ҳаром қилган Аллоҳ бу нобакорни ёвузликдан тўхтатиш ва уни огоҳлантириш учун пайғамбар юборади.

Кунларнинг бирида Фиръавн туш кўради. Тушида Нил дарёси ҳавога чиқиб, яна қайтиб тушади ва ҳамма ёқни сув босади. Кейинги тушида осмондан икки тут дарахти тушиб, атрофдаги уйларни вайрон қилади. Учинчи кўрган тушида эса Байтул Мақдис тарафдан бир ўт пайдо бўлиб, ҳамма уйларни куйдиради, аммо Бани Исроилга ҳеч зарар бермайди. Фиръавн барча таъбирчи, сеҳрчи ва коҳинларни йиғиб, тушининг таъбирини сўрайди. Улар: “Бани Исроилдан бир ўғил туғилади, у сенинг мулкингни хароб, салтанатингни барбод қилади”, дейишади. Бу сўзни эшитиб, Фиръавн дарҳол Бани Исроил аёлларининг ҳар бирига қибтийлардан бир аёл ва қўлида ханжар тутган соқчиларни ёллайди. Яна у Бани Исроил аёлларининг барчасини жамлаб, текшириб, янги туққанларини аниқлашни буюради. Ўша вақтда Жозия ҳам Мусога ҳомиладор эди. Бир йилча олдин Мусонинг онаси ҳеч бир таҳдидсиз акаси Ҳорунни дунёга келтирганди. Кенжа фарзандининг дунёга келиши эса, Бани Исроилда туғилаётган барча гўдаклар аёвсиз сўйилаётган қора кунларга тўғри келди. Бундан Жозиянинг қалби ғамга тўлди.

У Фиръавн зулмидан саросимага тушган, боласидан ажраб қолишдан қўрқиб, тинмай Аллоҳ таолодан паноҳ сўрарди. Аллоҳ таоло унинг илтижоларини эшитиб, ваҳий илҳом қилди: «Биз Мусонинг онасига ваҳий қилдикки: “Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз”» (Қасас,7).

Фиръавн ва унинг лашкарлари нафс-ҳавога берилиб, чақалоқларни сўйишдан ташқари жуда катта гуноҳларни ҳам қилдилар. Уларни бундай разил ишга ундаган нарса мол-мулк ва салтанатларидан айрилиб қолиш қўрқуви эди. Ана шундай машъум ҳолатда фарзандидан жудо бўлишдан қўрққан онани Аллоҳ таоло сабрли ва хотиржам бўлишга чақирди ва фарзанди Мусони асраб-авайлаб, тез кунда бағрига қайтариб, кўнглини шод қилиш хабарини берди: “Уни (Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин, бас, уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин! (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани (Фиръавн, яъни жориялари) тутиб олур...” (Тоҳо, 39).

Шундан сўнг Жозиянинг кўнгли таскин топди, эри Имрондан сандиқ топиб келишини илтимос қилди. Жозия болани сандиққа солиб, сув кирмайдиган қилиб маҳкамлади ва Нил дарёсига ташлади. Аллоҳ таоло жигарпорасини дарёга ташлаган онанинг қалбига хотиржамлик солди: “Мусо онасининг қалби (ташвишдан) фориғ бўлди. Агар Биз («Мусони ўзингга қайтарурмиз», деган ваъдамиз)га ишонувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (ўз ўғли экани)ни фош қилиб қўйган бўлур эди” (Қасас, 10).

Жозия қизи Марямга сандиқни кузатишни буюрди. Марям дарё ёқалаб Фиръавн қасригача борди ва ҳодисани четдан туриб кузатди. Фиръавн қасрига Нил дарёсидан бир ариқ оқиб кирганди. Сандиқ шу ариқдан тўғри Фиръавн хонадонига кириб борди. Фиръавннинг аёли Осиё келиб, оҳиста қўлини сандиққа чўзди, уни олиб, қопқоғини очди ва офтоб юзли гўдакка кўзи тушди. Чақалоқни кўриши билан меҳри товланди, чунки Аллоҳ таоло болани ёқимтой қилиб қўйган эди. (Эй, Мусо! Барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг кўз ўнгимда (ҳимоямда) ўсишинг учун сенга Ўз томонимдан муҳаббат (жозиба) ташладим” (Тоҳо, 39).

Шу чоққача Фиръавн Бани Исроилдан ўша йили туғилган чақалоқларни ўлдиртирган эди. Гўдакни кўрибоқ мунажжимлар айтган ўғил шу бўлса керак, деб уни ўлдиришга қасд қилди. «Фиръавннинг хотини (унга): (Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирмангиз! Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак”, деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эдилар» (Қасас, 9).

Фиръавн хотинининг гапига кириб, гўдакни ўлдирмай, саройда қолдиришга рухсат берди.

Воқеани зимдан кузатиб турган Марям бориб, онаси Жозияни огоҳлантиради. Муштипар она ўғли соғ-омон эканини билгач, хотиржам бўлиб Аллоҳга ҳамд айтди.

Шу тариқа Мусо Фиръавн хонадонида қолди. Бу Аллоҳ таолонинг: “Зеро, Биз уни сенга қайтарувчимиз” (Қасас, 7) деган ваъдаси эди. Шунингдек, Аллоҳ: «Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади)» (Қасас, 12)деб марҳамат қилганди. Бу ҳикматда гўдакни ўз онасига қайтариш ирода қилинган эди. Шу зайл саккиз кун ўтди. Шу орада қаср жарчилари бола учун энага излаб қолишди. “Шунда (унинг опаси келиб): “Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (доялик қиладиган) бир оилани кўрсатайми?” деди» (Қасас, 12).

«Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари қувониши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўпчилиги (бунинг ҳикматини) билмайдилар» (Қасас, 13).

 

“Қисасун ниса фил Қуръанил карим” асари асосида Пошшахон ЭШОНХОН тайёрлади.