Фурқон сураси 74-ояти мазмуни бундай: «Улар: “Эй Раббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил”, дейдиганлардир».

Зурриёт кишининг насли, фарзанди маъносидадир. Фарзанди инсоннинг бир жузидир. Ота-она улғайган фарзандини, неча ёшга кирса ҳам, қанақанги амал курсисида ўтирса ҳам боладай кўради, унга қайғуради ва меҳрибонлик қилади. Доимо фарзандининг камолини кўриб кўзи қувонишини хоҳлайди.

Инсон яхши сўзни эшитиб қувонади, яхши ҳиддан, ширин овқатдан шодланади. Аммо кўриб қувониш, айниқса, фарзанд муваффақиятини, одобини, соғлигини кўриб қувониш бўлса, уни таърифлаб бўлмайди. Қалбимиз қўри, умримиз маъноси, келажагимиз, ҳаётимиз давомчиси, борлиғимиз Аллоҳ берган фарзандларимиздир...

Ота-онасининг кўз қувончи эканини билган фарзанд, уларнинг кўзларини қувонтиришга ҳаракат қилади, дуоларини олади!..

Фарзанд билса, ота-онаси ҳам унинг кўз қувончидир. Фарзанднинг  кўз қувончи, қалбидаги меҳр булоғи ота-онасидир. Ақлли фарзанд ўз камолини ва муваффақиятини аввало ота-онасига кўрсатади, уларни севинтиради... Ҳар бир ота ва она фарзандига мана шу туйғуни сингдирса, ҳар бир қадамида уни қўллаб-қувватлаб турса, фарзанди уларга меҳрсиз бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчамизнинг кўзларимиз қувонч­ларини кўпайтирсин.

 

Абдумутал ОТАБОЕВ,

Зомин тумани