“Ҳеч бирингиз ўзига истаган нарсани қардошига ҳам истамагунича комил мўмин бўлмайди”.

(Имом Бухорий ривояти)

Пайғамбаримизнинг  ушбу ҳадисларида мўмин хулқи қандай бўлиши лозимлиги баён этилган. У зот  ўзгаларга яхшиликни исташда барчамизга намуна бўлганлар. Саҳобалар , ҳаётларида ҳам бунга мисоллар жуда кўп. Икрима  яраланиб, чанқаб ётар эканлар, сув беришганида, ўзлари ичмай, бошқа сувга муҳтожроқ инсонга раво кўрдилар.

Мўмин ўзига нима истаса, уни оиласи, яқинлари ва ҳаммага раво кўради. Лекин биз бу фазилатни фарзандларимизга сингдириш ўрнига, уларга тинмай: “Пишиқ бўл, бўшашма, ҳақингни бировга бериб қўйма!” деб уқтиришдан чарчамаймиз. Баъзи болаларнинг худбин ва бахил бўлиб, ҳатто қариндошлари, ака-сингиллари ва ниҳоят ота-онасига ҳам яхшиликни раво кўрмайдиган бўлиб қолиши шундан эмасми?

Кўча-кўйда кўриб, эшитиб қоламиз: баъзи ёшлар, ўсмирлар бир-бировини қаттиқ турткилайди, тўғри турган нарсани синдиради, тап тортмай сўкинади... Бундай ҳолларни кўрганлар кўрмаганга олиб кетишяпти. Ахир Пайғамбаримиз  бизга: “Сизлардан бирингиз ёмон нарсани кўрса, қўли билан ўнгласин, бунга имкони бўлмаса, тили билан ўнгласин. Бунга ҳам имкони бўлмаса, қалби билан ўнгласин. Бу ҳол имоннинг заифлигидир”, деб тавсия қилганлар-ку!

Фарзандларимизни меҳр-шафқат, ҳаё, мурувватга ўргатайлик. Уларни сахий, мурувватли, кўнгли очиқ, муҳтожларга ёрдам берадиган инсон қилиб улғайтирайлик. Иқболимиз, эртамиз фарзандларимизнинг салоҳиятига боғлиқдир!

 

Баҳромжон АЛИМОВ