Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилган: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон, 67).

Исроф чегарадан чиқиш, ортиқча ва меъёрдан кўп харажат қилиш демакдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тежамкор одам камбағал бўлмайди” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.

Табиий газни, сувни ҳам исроф қиламиз. Баъзи хонадонларда газ пиликлари беҳуда ёниб туради, ичимлик суви жўмрак носозлиги ё эътиборсизлик боис муттасил оқиб туради. Тузатишга шошилишмайди, чунки жўмракни тузатишга пул кетади. Ана шу арзимас харажатдан қочиб, ҳар томчиси бебаҳо неъмат бўлган сувни увол қилишади, кимларнидир насибасини қирқишади.

Баъзилар кўп ҳолда исрофдан сақланиш учун эмас, балки ҳисоблагич кўп ёзиб юбормасин деб, газ ва сувларни тежашга ҳаракат қилишади. Мусулмон одам бундай дунёқарашдан воз кечиши керак. Динимиз «...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26) деб буюргани учун исрофдан қайтсак, ҳам мақсадга эришамиз, ҳам савоб оламиз. Бу икки карра ютуқ бўлади.

Айниқса, вақтни беҳуда ўтказиш исрофнинг энг каттаси ва ачинарлиси эканини ҳам эсдан чиқармайлик. Шуни ёдда тутайлик, ким қайси неъматни беҳуда совурса, кун келиб, уволи тутгай! Огоҳ бўлайлик.