Дунё миллатларининг ҳавасини келтирадиган миллий урф-одатларимиздан бири – меҳмондўстлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Чет эллардан келган ҳар бир меҳмон бунга иқрор бўлади. Қайси юртга борсак ҳам, бу одатимизни эътироф қилишади.

Қуръони каримдаги бир оятнинг тушиш сабабини нузулини ўқиб, қалбим ифтихорга тўлди.

Аллоҳ айтади: “...ўзларида эҳтиёж бўла туриб (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир” (Ҳашр, 9).

Ушбу оятнинг тушиш сабаб ҳақида Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан  қуйидаги ривоятни келтиради: Пайғамбаримиз  ҳузурларига бир киши келиб, қорни жудаям очлиги, ейишга ҳеч нарсаси йўқлигини айтади. Пайғамбаримиз  уйларида ҳам сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Шунда Расулуллоҳ  саҳобаларига юзланиб: “Ким бу одамни тўйдиради?” дедилар. Ансорийлардан бир киши: “Мен”, деди ва ҳалиги кишини уйига олиб кетди. Аёлига: “Расулуллоҳнинг меҳмонини сийлаб, қорнини тўйғазайлик”, деди. Аёли: “Уйда болаларимизнинг овқатидан бошқа егулик нарса йўқ”, деди. Шундан кейин эр-хотин маслаҳатлашиб, бунинг чорасини топишди. Кеч кирганида болаларини ухлатиб қўйишди, овқатнинг борини дастурхонга қўйишди. Чироқни тузатмоқчидай бўлиб, ата­йин бузиб қўйишди. Меҳмон билан ўтириб, ўзларини худди овқат еяётгандай кўрсатишди. Аслида эса ҳаммасини меҳмон еб, қорнини тўйғазди. Эр-хотин болалари билан ўша кеча оч ётишди. Эртасига эрталаб Расулуллоҳ : “Аллоҳ сизлар қилган ишдан хурсанд бўлди ва сиз тўғрингизда ушбу оятни туширди”, деб юқоридаги оятни ўқиб бердилар. Имом Муслим ривоятида мезбон Абу Талҳа  экани айтилади.

Меҳмондўстликнинг фазилати тўғрисида келган оятлар Қуръон, ҳадиси шарифларни ўқиганимизда, эшитганимизда ота-боболаримиз бизга қанчалар савобли амални мерос қилиб қолдирганларидан хурсанд бўламиз. Шундай инсонларнинг авлодлари эканимиздан қалбимиз ифтихорга тўлади.

 

Файзираҳмон АЙСАКОВ,

Мирзо Улуғбек тумани “Авайхон” жоме масжиди имом-хатиби