Инсон комиллигининг бир қанча белгиси бор. Улардан бири ростгўйликдир. Бу юксак ахлоқий фазилат мўминнинг ажралмас хислати бўлиши зарур. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг ва тўғри сўзланг!” (Аҳзоб, 70).

Сафвон ибн Сулаймдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) сўрашди:

– Эй Аллоҳнинг расули, мўмин қўрқоқ бўладими?

– Ҳа, – деб жавоб бердилар.

– Эй Аллоҳнинг расули, мўмин бахил бўладими?

– Ҳа, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг расули, мўмин ёлғончи бўладими?

– Йўқ, – деб айтдилар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)” (Имом Молик).

Кишининг ҳар бир иши, амали тўғрилик, ростгўйликка асосланса, энг қийин ҳолатларда ҳам қалби хотиржам бўлади, юзи қизармайди. Ҳазрат Навоий бундай дейди: “Шам тўғрилигидан хурсанд бўлиб куяди-ю, бошдан-оёқ нур бўлади. Чақмоқнинг иши эгрилик бўлгани боис, гарчи у ҳам ёритса-да, ер ичига кириб йўқолади”.

Атоқли адиб Тоҳир Малик “Ҳусни хулқ” номли асарида бу фазилатга қуйидагича таъриф беради: “Тўғрилик оламдаги барча ишларнинг тартиб ва маромда кетишини таъминлайди. Тўғрилик издан чиқдими, демак, ҳамма ишларнинг тартиби бузилади. Барча ишлар тўғрилик билан барқарор, шу ишларни амалга оширувчилар эса тўғрилик билан бардам ва устувордирлар. Ҳаётда одамнинг узоқ яшаши эмас, тўғри яшамоғи муҳимроқ. Тўғриликка ишонмаган ақлнинг ўткир бўлганидан фойда йўқ”.

Ростлик-содиқликнинг мукофоти улуғ. Қуръони каримда ростгўй мўминларга бундай хушхабар берилади: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар. Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқдир” (Моида, 119).

 

Зоиржон СОДИҚОВ,

Тошкент Ислом университети 4-босқич талабаси