Инсон умрининг кўрки ва мазмуни фарзанддир. Жажжи ва беғубор болажонларни ардоқлаш, ҳуқуқини ҳимоялаш, уруш хавфидан асраш, саломатлигини сақлаш, таълим-тарбия бериш мақсадида Аёлларнинг халқаро демократик федерацияси қарорига кўра, 1949 йил Париж шаҳрида 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” куни деб эълон қилинди. Мана 64 йилдирки, бу байрам муносабати билан болалар ҳуқуқлари ҳимояси борасида турли қонун ва қарорлар қабул қилиниб, амалга жорий бўлмоқда.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни эъзозлаш борасида муқаддас динимизда кўрсатмалар кўп. Қуръони каримда бундай дейилади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир” (Бақара, 233).

Пайғамбаримизнинг (алайҳисссалом) болалар хусусида: “Аллоҳ таолодан қўрқинг ва болаларингизга адолат қилинг” (Имом Муслим); “Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб, катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга киради” (Бухорий ривояти); “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг” (Ибн Можа) каби ҳадислари ворид бўлгандир.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги” конвенциясига қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 1997 йил муҳтарам Юртбошимиз ҳар йили биринчи синфга қабул қилинадиган ўқувчиларни бепул мактаб анжомлари билан таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мана, 16 йилдан буён ҳар йили тўрт юз саксон-беш юз мингга яқин ўқувчи бу имкониятдан фойдаланиб келади. 2004 йил май ойида муҳтарам Президентимиз фармойиши билан мактаб таълимини ривожлантиришнинг умуммиллий дастури қабул қилинди. Шунингдек, Юртбошимизнинг 2002 йили Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисидаги фармони болажонлар соғлигини тиклаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишга туртки бўлди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Жаннат райҳонлари” деган болаларнинг кулгиси, қувончи ҳеч қачон бизни тарк этмасин. Келажакда Ватанга, халққа ва динга холис хизмат қилиб, эл-юрт, ота-она розилигини олишсин.

Муслимжон БОЙМИРОВ,

ТИИ 1-босқич талабаси