Ҳаловат ҳалолликда. Динимиз таълимотлари инсон табиатига том уйғундир. Кўнгил поклик ва ҳалоллик истайди. Ишонмасангиз, ўзингиз синаб кўринг. Мисол учун, бирор нопок, ножўя иш қилаётганни кўрдингиз ёки ўзингиз шундай иш содир этиб қўйдингиз дейлик. Яратганнинг азобидан қўрқасиз, ичдан эзиласиз, ўзингиздан уяласиз, афсусланасиз, юрагингизнинг қаеридир зирқирайди.

Ҳаловат ибодатда. Бугун “оммавий маданият” жарчилари “лаззатлар кони” дея оғиз кўпиртираётган кўнгилхушликлар замирида биргина саждада бўлганичалик ҳузур-ҳаловат топилмайди.

Ҳаловат тақвода. Буни ҳали қалбини шайтон тўлиқ эгаллаб улгурмаган фосиқ кимсалар ҳам эътироф этишади. Чунки улар қилаётган номаъқул ишлари бошида завқ туйишса ҳам, сўнг доим афсусланишади. Чунки кўнгиллари ҳаловат тополмайди.

Ҳаловат Аллоҳни эслашда. Балиқ сувда, одам эса ибодат, Аллоҳни эслаш ва Унга итоат этишда топади. Шу боис мўмин қалби безовта бўлмайди. Яратган меҳрибонимиз: “...Билингиз, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олади” (Раъд, 28), деб марҳамат қилган.

Ҳаловат тўғрисўзликда. Мўминни бошқалардан ажратиб турадиган муҳим сифатлардан бири тўғри сўзлашдир. Ҳадисда, мўмин қўрқоқ, бахил  бўлиши мумкин, аммо ёлғончи бўлмайди, дейилган. Ёлғончи, ҳийлагар одам айби фош бўлишидан нуқул хавотирда юради, ҳаловати бўлмайди.

...Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Гапнинг лўндаси: ҳаловат мўминга хос фазилатлардадир. Имони комил бўлсагина, инсон камолотда юксалади.