Ота-боболаримиз Ватанни гўзал боғ дейишлари бежиз эмас. Боғ-ку боғ, ундаги бир дарахтни ёхуд бир гулни авайлаб ўстириш, парваришлаш учун қанча меҳнат, маблағ, умр сарф бўлади. Бироқ ўша гулни кимдир бир нафасда пайҳон қилиши ҳеч гап эмас.

Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги “имони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара, 204–205).

Жаҳонда геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг “демократия”сини “экспорт” қилиш (Грузиядаги “Атиргул инқилоби”, Украинадаги “Оловранг инқилоб”, Югославиядаги “Булдозер инқилоби”, Қирғизистондаги “Лола инқилоби”, Тунис, Ливия, Миср, Яман, Баҳрайн, Сурия каби араб мамлакатларидаги “Араб баҳори” каби рангли инқилоблар) орқали дунёга ҳукмронлик учун очиқдан-очиқ даъвогарлик хуружлари бугун ҳеч кимга сир эмас.

Дарвоқе, мутахассислар араб мамлакатларидаги тўпалонларнинг сабаблари ғарб матбуоти ёзганидек, порахўрлик, ишсизлик ва камбағаллик эмас, балки интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар орқали гўл ёшларни ҳукуматга қарши гиж-гижлаш эканлигини таъкидлашади.

“Араб баҳори” бошланиши олдидан бузғунчи тоифалар асосан “Twitter”, “Facebook” ва “YouTube” каби ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишгани маълум бўлди.

Xалқимиз, айниқса, ёшларимизни тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишга ўргатиш, уларга дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгаришларни тушунтириш “оламонча маданият” ва бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб боришимиз зарур.

 

Холмамат ХУРРАМОВ,

Зангота тумани “Анас ибн Молик” жоме масжиди имом-хатиби