Тонг саҳардан супурилиб, сув сепилган кўчалар кўнгилга айём кайфиятини бахш этади. Ҳовлиларда ҳам байрам тадориги бошланиб кетган. Байрам учун пиширилган энг тансиқ таомлар, пишириқлар дастурхонга қўйилади.

Ҳаммадан болалар хурсанд. Ахир, қандай суюнишмасин, ҳар бир кишига салом беришади, танишми ё нотаниш, ҳайитлик олишади. Аслида ҳам, қандай байрам бўлмасин, ҳеч ким унинг завқини болаларчалик ҳис қилолмайди. Ораста кийиниб, хушбўйлик сепиб, масжидга шошилаётганларни ҳавас билан кузатишади.

Чорловчининг сафларни текислашга чақирувидан сўнг намоз бошланади. Тиззалар букилади, бошлар саждага қўйилади. Қўллар дуога очилади. Дунёга, элу юртга, хонадонларга тинчлик, файзу барака сўраб, илтижо қилинади. Намоздан сўнг барча бир-бирини қутлайди.

Кейин кексалар, беморлар, кўнгли ярим кишилар зиёратига борилади.

Мана шундай байрам кунлари беихтиёр яқин ўтмиш хаёлга келади. Қўлтиғига жойнамозни яширган, тўрт тарафга олазарак боқиб, эсон-омон ҳайит намозини ўқиб оламизми, деб қақшаган ота-боболаримиз...

Ўша дамларда ҳеч ким ҳайитни байрам дейишга ботинолмасди. Худди айбдорлардек пана-пастқамларда ибодат қилишган. Шуларни ўйласак, истиқлол биз учун Аллоҳ берган тенгсиз неъмат экани янада аён бўлади ва Яратганга шукроналар айтамиз.

Бу йил юртимиз истиқлолининг 22 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Йигирма икки ёш инсон умрининг айни гуллаган даврига тўғри келади. Бу ёшда одам камолот чўққиси сари дадил илдамлаётган бўлади.

Орзулар оғушидаги 22 ёшли фарзандингизни кўз олдингизга келтиринг. Ҳа, истиқлолни фарзандимиздек авайлаб-асраб, севмоғимиз керак. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин. Юртимизни офат-балолардан Яратганнинг ўзи асрасин.

Бу неъматлар қадрини теранроқ англаш учун эса дунёга, ён-атрофимизга назар ташлашимиз кифоя. Биз доимо шукрда бўлмоғимиз керак. Неъматнинг зиёда бўлиши фақат шукр билан. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим, 7).

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Андижон вилояти Асака тумани бош имом-хатиби