Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир” (Наҳл, 70) дейди.

“Энг тубан умр” – қариялик даври неча ёшдан бошланиши хусусида турли тафсирлар бор. Бирида 60, бошқасида 75, айрим ривоятларда 80, 90 дан кейин бошланади, дейилади. Демак, инсон кексайгач, жисмоний ва ақлий заифликка қайтиши бор гап.

Олимлар: “Инсон умри тўрт фаслдан иборат”, дейишади. Биринчиси, туғилганидан то ўттиз уч ёшгача бўлган ўсиш ва улғайиш босқичи. У киши ёшлигининг чўққиси ҳисобланади. Иккинчиси, турғунлик, у ўттиз учдан қирқ ёшгачадир. Бу – инсоннинг энг кучга тўлган ва ақли камолга етган босқичи. Учинчиси, етуклик босқичи бўлиб, у қирқ ёшдан олтмиш ёшга тўлгунча бўлган даврдир. Бу вақт мобайнида инсон кучдан қолишни бошлайди, бироқ заифлашиш яширин кечади. Тўртинчиси, кексайиш, ақлий, жисмоний таназзул ва ноқислик босқичи. Олтмиш ёшдан умрнинг охиригача давом этадиган бу даврда қариш ва кучдан қолиш ҳолатлари очиқ намоён бўлади.

Ушбу ояти карима тафсирида Икрима (розияллоҳу анҳу): “Ким Қуръон ўқиса, умрнинг энг заиф ҳолатига тушмайди”, деган. Муфассирлар бундай тушунтиришади: “Қуръон ўқиб, унга амал қилган одам шундай даражага эришади. Шунингдек, илмига амал қиладиган олимлар ҳам қариганида ақлий заифликка дучор бўлишмайди, балки ёши ўтгани сари илм-маърифат, ақл-заковати ортиб боради”.

Бундай башоратдан умидвор бўлиб, Қуръони карим тиловатида ва унинг аҳкомларига амал қилишда собит бўлсак, иншааллоҳ, ҳеч бир даврда заиф ҳолатга тушмаймиз ва икки дунё саодатига эришамиз.

Абдулҳафиз ЎРОЛОВ,

Бувайда тумани бош имом-хатиби