Мўминнинг нияти Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, барча амаллари, шак-шубҳасиз, ибодат бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмонга яхшилик эшиклари доимо очиқ. У Аллоҳнинг марҳамати, чексиз ажрлари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг садақадир. Бир киши уловига минишида ёрдам қилишинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун садақа бор, йўл кўрсатишинг садақа, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга садақадир” (Имом Аҳмад ривояти).

Алишер Навоий яхшиликни бундай таърифлайди:

“Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ.

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ”.

Халқимизда “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни чап қўлинг билмасин”, “Яхшилик қил-у, дарёга от, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар” деган нақллар бор. Катталаримиз яқинларга, ён-атрофдагиларга, дўсту ёр, ошнаю бегоналарга ҳар доим яхшилик қилишни ўргатиб келишган. Бир коса овқатининг ярмини қўшнисига илинган, эгнидаги кийимини ўзидан кўра муҳтожроқларга берган, сўнгги томчи сувини йўловчи ҳамроҳига тортиқ қилган мурувватли халқнинг болаларимиз. Бироқ орамизда арзимаган ёрдамлари эвазига бирор манфаат кутадиганлар ҳам учраб қолади. Амаллар ниятларга кўрадир. Шунинг учун тама илинжида қилинган яхшиликда ажр, ухровий манфаат йўқ. Биргина миннат ҳосил бўлган савобни йўқ қилади. Яратганнинг розилиги учун эл ва халқ хизматида бўлиш, имкон қадар бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини чиқариш юксак саодатдир.

Умида АЗИЗ