Каъбул Аҳбор (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. Аллоҳ таборака ва таоло айтади:

– Эй Одам боласи, Мендан бошқадан ҳожатларингни тиламагин. Қаерда Мени изласанг, ўша ерда топасан. Мен сенга бўйин томирингдан ҳам яқинроқман.

– Эй Одам боласи, сени тупроқдан яратишим Мени қийнагани йўқ, сенинг ризқингни етказишга қийналаманми?! Албатта, ҳар қаерда бўлсанг ҳам, сенинг ризқингни етказаман.

– Эй Одам боласи, албатта, Мен сени ҳеч қандай ҳаракатинг ва қувватинг йўқлигида онангнинг қорнида тарбияладим ва онанг қорнидан соғ-саломат ҳолда чиқардим. Онангни сенга меҳрли қилдим, у сени тарбиялаб турди. Сен ўсиб улғайдинг. Менга ибодат қилишинг учун сенга ақл ва қувват бердим. Менга ибодат этиш ва зикримни қилишга бепарво бўлдинг. Сенга тақсим қилинган ризқ билан машғул бўлдинг. Иззатим ва улуғлигимга қасам, етти қават ер остига кирсанг ҳам, тақсим қилган нарсамдан бир мисқол ҳам зиёда қилмайман.

– Эй Одам боласи, нарсалар учтадир. Уларнинг бири Менга тегишлидир. Бири Мен билан сенинг орамиздадир. Бири сендадир. Сендан дуо (талаб қилиш), мендан қабул қилиш. Менинг ҳузуримда талабинг тўхтатилмас, магар ҳаром ейишинг билан тўхтатилади.

– Эй Одам боласи, камбағал бўлиб қолишдан қўрқишинг, қалбингда дўзах ўтидан қўрқишни йўқотади. Орзу-ҳавасни кўп қилишинг, охират учун амал қилишдан қайтаради. Молу дунёга ҳирс қўйишинг қалбингдан Менга бўлган муҳаббатни сўндиради. Мендан бошқадан иззат талаб қилишинг, Менинг муҳаббат назаримдан тушишингга сабаб бўлади. Менга ибодат қилувчиларни яхши кўришинг Менинг муҳаббатимга яқинлаштиради. Мени ёмон кўрувчиларни ёмон кўришинг бало-офатларимдан сени узоқлаштиради. Ғазабланганингда ҳам тўғри ва адолатли бўлишинг мартабангни кўтаради. Яширин садақа бериш билан Менинг розилигимни топасан. Мусибат ва қайғуларни яшириш билан яхшилардан бўласан.

(Қудсий ҳадислар маъноларидан олинган бу насиҳатларни Имом Зариф Амирхоний 1909 йили чоп эттирган.)