Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида дин ва виждон эркинлиги масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган. Унда халқимиз маънавиятига хос бўлган имон-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, ҳақиқат, олижаноблик, мардлик, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатларнинг қадрланиши жуда муҳимдир.

Дин давлатдан ажратилган бўлса-да, диний ташкилотлар, бирлашмалар қонун олдида тенгдирлар.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар рўй берди. Динга ва диндорларга муносабат ўзгарди. Масжид ва мадрасалар очилди. Қатор тарихий обидалар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Улкан илмий асарлари билан динимиз равнақига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларимизнинг мерослари ҳартомонлама ўрганила бошланди.

Президентимиз Фармони билан жойларда диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Фармон ижроси юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар аёллар оғирини енгил қилиш, ҳуқуқларини ҳимоялаш, маънавий савиясини юксалтириш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, айниқса, дин ниқоби остидаги ёвуз ниятли бузғунчи кимсалар таъсиридан сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мусулмонларнинг ибодатларни камоли ҳурмат билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи ҳожилар учун катта қулайликлар яратилиши, ҳайит кунларининг дам олиш куни этиб белгиланиши катта ғамхўрлик намунасидир.

Ислом динида Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат улуғланади. Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек: “Шу азиз Ватан барчамизники”.

Бинобарин, ҳар бир инсон Ватан олдидаги фуқаролик бурчини яхши англамоғи, элим деб, юртим деб ёниб яшамоғи, шу давлат, жамият менга нима берди, деб эмас, балки мен ўзим Ватанимга, эл-юртимга нима бердим, деган шиор билан ҳаракат қилмоғи зарур.

Аллоҳ таоло тинчлик-хотиржамлигимизни бардавом қилсин, хонадонларимизга файзу баракотини зиёда айласин.

Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари