Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, икки кўз дўзах ўтида куймайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси Ватанни ҳимоя қилиш йўлида ухламаган кўз. Ватанимиз сарҳадларини туну кун бедорлик билан қўриқлаётган, она тупроғимизни ёвуз ниятли кимсалардан асрашни ор-номус иши деб биладиган аскарларимиз, зобитларимиз катта ажр-мукофотларга сазовордирлар.

Истиқлол йилларида қўлга киритган ютукларимизни, тинчлик-хотиржамлик неъматини асраб-авайлашга, унинг қадрига етишга барчамиз бирдек масъулмиз. Қуролли Кучларимиз бу борада бизларнинг бош таянчимиз, мустаҳкам ҳимоя қўрғонимиздир. Шубҳасиз, миллий армиямизни қудратли қиладиган асосий омиллардан бири, бу аскарларимизнинг юксак ватанпарварлик фазилатига эгаликларидир. Йигитларимизни чинакам Ватан ҳимоячилари қилиб тарбиялаш учун бугун ҳарбий масканларда барча шароитлар бор. Қуролли Кучларимиз энг замонавий ҳарбий техникалар, аслаҳалар билан таъминланган.

Муқаддас динимизда ҳар бир фуқаро Ватанини имконияти даражасида ҳимоя қилиши лозимлиги мукаммал тарзда баён этилган. Жумладан, Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида: “Фарзандларингизга сувда сузишни, камондан отишни ва от минишни ўргатинглар”, дея марҳамат қиладилар.

Сир эмас, ҳарбий хизмат машаққатларини енгиб чиниққан, жисмонан ва руҳан тобланган, ота-она қадрини теран англаб етган йигитнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғуси ҳам кучли, фахр-ифтихори тоғдай юксак бўлади. Ана шундай паҳлавонлар Ватан ҳимоячиларининг шахдам қадам ташлаб юришларини кўрган ёш болалар уларга ҳавас билан боқадилар, кўнгилларида эл-юртга шу акаларидек хизмат қилиш истаги жўш уради. Ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб келган фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришларида берилаётган енгилликлар ёшларнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга қизиқишларини орттирмоқда.

Аскарларимизни маънан қўллаб-қувватлаш, ўзимизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, динлараро бағрикенглик тамойилларига амал қилиш орқали биз ҳам Ватанимиз куч-қудратининг ошишига, унинг мудофаасига ҳисса қўшган бўламиз.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси