«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир.

Улар: “Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини даф этгин. Дарҳақиқат, унинг азоби ҳалокатлидир. Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон мақомдир”, дейдиган кишилардир.

Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир.

Улар Аллоҳ билан бирга бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни қилса, гуноҳ (уқубат)­га учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, кимки тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.

Кимки тавба қилиб эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ (ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур.

Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтарлар.

Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатил­ган вақтида у (оятлар)га кар ва кўр ҳолларида йиқил­майдилар (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар).

Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зур­риёт­ларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин”, дейдиган кишилардир.

Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жан­натдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.

Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир» (Фурқон, 63–76).