Қуръони каримда Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг фазилатини баён қилган ва унга тарғиб этган ояти карималар жуда кўп:

«Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса)  Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд, 123).

«Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 159).

«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг» (Моида, 23).

Аллоҳ таолога таваккул қилиш банданинг кўзлаган мақсадига етишувида Унинг ўзидангина умид қилиш, ҳар бир иш Унинг хоҳишига кўра бўлишига ишонишидир.

Баъзилар чора-тадбирларни кўрмай, сабабларга қўл урмай, Аллоҳга таваккул қилдим, дейди. Бу нотўғри, зеро, туясини бўш қўйиб юбориб, уни излаб юрган кишига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Туяни тушовла-да, кейин таваккул қил”, деб айтганлар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз бундай марҳамат қиладилар: “Агар Аллоҳга ҳақиқатан таваккул қилсангиз, тонгда оч чиқиб, кечқурун тўқ бўлиб қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантиради” (Имом Термизий ривояти).

Бир донишманд айтган экан: “Кишининг бирон касб-ҳунар қилмай ётиши душманларга ёрдамлашиш, уларнинг ғолиб бўлишларига йўл очиши ҳамда уларга қарам бўлиши демакдир”.

Йигит-қизларимиз орасида енгил-елпи ишлар билан шуғулланиб юрувчилари ҳам йўқ эмас. Қимматли вақтларини мақсадсиз ишларга, ўйин-кулгига совураётган ёшлар ҳам, афсуски, учраб туради. Таваккулнинг асл маъносини англаган ота-боболаримиз доимо касб-ҳунар билан машғул бўлишган. Қадимдан ҳар бир оиланинг ўз шуғулланадиган касби бўлган. Бу ҳунарлар отадан болага ўтиб, мукаммаллашиб, сайқаллашиб борган. Шу сабаб юртимиздан ўз ишининг усталари, дунёга донғи кетган ҳунармандлар етишиб чиққан.

Аллоҳга шукр, унутилган кўп қадриятларимиз эндиликда қайта тикланди. Бугун ёшларнинг ҳунар ўрганишларига алоҳида эътибор бериляпти. Аллоҳга таваккул қилиб, илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга бел боғлаган ёшларнинг эртаси, албатта, порлоқ бўлади.

Алишер ДЎНГБОЕВ,

Тошкентдаги “Тинчлик” жоме масжиди имом-хатиби