Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” дегин” (Исро, 23 – 24).

Ота-она қарилик ёшига етганида уларни янада кўп эъзозлаш зарур. Кексалар гўдакдай бўлиб қолади. Уларнинг дилини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: уларнинг ҳақига дуо қилиш, гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўлган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онаси ёки улардан бири тирик бўлган фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор.

Шундай экан, ота-она ўтганидан кейин минглаб одамларни чақириб эҳсон қилишдан кўра тириклигида бир оғиз ширин сўз айтиб, дуосини олишнинг савоби улуғдир.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим яхши дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.

Фазлиддин АЛЛОЁРОВ,

Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди имом-хатиби