Тавба гуноҳни тарк этишдир. Тавба вожиб бўлган заҳоти унга боғлиқ нарсалар ҳам вожиб бўлади. Демак, гуноҳларни билиш ҳам вожибдир. Гуноҳ Аллоҳ таолонинг амрига хилоф равишда бирон феълни тарк этиш ёки қилишдир. Гуноҳлар содир этилишига бу тўрт сифат сабаб бўлади:

а) рубубиятга хос сифат;

б) шайтонга хос сифат;

в) ҳайвонга хос сифат;

г) ёввойиликка хос сифат.

Инсон лойи ҳар хил аралашмалардан қорилган. Уларнинг ҳаммаси ўз таъсирини кўрсатади.

Кибр, фахр, ғурур, мақтовни севиш, муҳтож бўлмас­ликни яхши кўриш, боқий қолишни орзу қилиш, ҳаммадан устун бўлишни исташ, ҳатто “мен сизнинг парвардигорингизман”, дейдиган даражагача бориш каби сифатлар рубубиятга хос сифатларга ҳавасни уйғотади. Барча гуноҳи кабиралар мана шундан бош кўтаради. Кўпчилик буни билмайди, уларни гуноҳ санамайди. Аслида улар муқаррар ҳалокатга олиб борувчи энг катта гуноҳлар бўлиб, аксар жиноятларнинг онасидир.

Ҳасад, зулм-ситам, ҳийла, алдамчилик, фасод ва макр, товламачилик, мунофиқлик, бидъат ва залолатга даъват қилиш каби иллатлар шайтонга хос сифатдан пайдо бўлади.

Қизғанчиқлик, очкўзлик, жинсий ва қорин шаҳватини қондириш ҳирси, зино, ўғрилик, етимларнинг молига хиёнат, дунё орттиришга меҳр кабилар ҳайвонга хос сифатдан туғилади.

Ёввойиликка хос сифат эса, ғазаб, нафрат, одамларга қўл кўтариш, сўкиш, ўлдириш, мол-мулкни зое қилиш каби иллатларни пайдо қилади.

Барча гуноҳлар мана шу сифатлардан тармоқланиб, ёйилади. Бу сифатлар инсон фитратида аста-секин ҳаракатланиб, бири иккинчисига йўл очади. Аввало, ҳайвонийлик сифати ғолиб келиб, кейин унга ёввойилик сифатлари эргашади. Улар бирлашиб, ақлни қаллоблик, маккорлик ва ҳийла йўлида ишлатади. Бу шайтоний сифатдир. Кейин фахр, иззат, улуғлик ва буюкликни даъво қилиш, барчадан устунликни қасд қилиш каби рубубиятга хос сифатлар фитратни эгаллайди. Ушбу сифатлар гуноҳларнинг онаси ва манбаидир. Сўнг гуноҳлар аъзоларга ёйилади. Куфр, бидъат, нифоқ, ичиқоралик каби сифатлар қалбда қарор топади. Баъзилари кўз ва қулоқда муқим бўлса, яна баъзилари тилда, қорин ва жинсий аъзоларда, қўл ва оёқларда, умуман, барча ­аъзоларда маскан топади.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” асаридан