Масжидларимизда ҳар куни қалбларимизни сурурга чулғаб азон овози таралади:

– Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар... Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ... Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ...

“Аллоҳ буюкдир... Иқрорман: Ундан ўзга илоҳ йўқ... Иқрорман: Муҳаммад Унинг расулидир...”

Дилимиздан тилимизга кўчиб янграйди бу сўзлар. Бу сўзлардан осмон янаям нурланиб, ер чароғонлашади.

Ҳар куни камида беш вақт бу ваъда ва илтижони такрорлаймиз: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа, 4).

Заифлигимиз, ожизлигимиз, ҳар ерда, ҳар вақт Аллоҳ таолога муҳтожлигимизни англаб бўйнимиз эгилади, тиззаларимиз букилади – ожиз бандалигимизни эътироф этиб, саждага бош қўямиз...

Яратган Зот олдида ожизлигимизни ҳис қилиш жисму руҳимизга ҳаловат бўлиб инади, қалбимизга таскин беради. Ахир Ундан ўзга ҳожатларимизни раво айлагувчи йўқ! Бутун оламлар Парвардигори, чексиз мулк Эгаси, Раҳиму Раҳмон Зот фақат Удир.

Нима учун яратилганини билган банда ибодатдан малолланмайди? Чунки у Аллоҳ таологагина ибодат қилиш учун яралганини билади (Зориёт, 56). Уни, йўқдан бор қилгани, мавжудотлар ичра азизу мукаррам этгани, Ердаги барча нарсаларни бандалари учун яратгани учун Унга шукр қилади (Бақара, 29).

Аллоҳга қуллик шарафлигини, У зотга бандалик бошқа ҳамма нарсанинг, ҳар кимсанинг асоратидан қутулиш эканини англайди.

Ҳисобсиз неъматлар, эҳтиром, инсонлик рутбасини бизга берган Зот бутун оламлар Эгаси эканини билиб, Унинг азамати, сўнгсиз раҳмати қошида бўйнимиз эгилади, тиззаларимиз букилади. Кўзда ёш, жисму кўнгилда тенгсиз ҳузур, тилу дилимизда шукроналик ила такрорлаймиз:

“Аллоҳ буюкдир... Иқрорман: Ундан ўзга илоҳ йўқ... Иқрорман: Муҳаммад Унинг расулидир...”

Ва чин дилдан аҳд берамиз: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа, 4).

 

Содиқ НОСИР