Хизмат юзасидан “Янгиқадам” хўжалигига борган эдим. Қайтишим ёмғирнинг шаррос қуйиб турган пайтига тўғри келди. Яхшиямки, “маршрутка” деб аталмиш беминнат дастёр ҳар қадамда учрайди. Биринчи учраган “Ford”га ўтирдим.
Машина елдай учиб борарди. Ёмғирнинг уловнинг олд ойнасига шиддат билан урилишини завқ билан томоша қилиб кетяпман. Шу пайт йўлда боласини етаклаб олган бир аёл кўринди. Ҳайдовчи машинани тўхтатиб: “Чиқинг опа, ивиб кетибсиз-ку”, деди аёлга. Аёл эса ийманибгина йўлкирага пули йўқлигини айтди.
– Э, қизиқмисиз, – деди ҳайдовчи, – мен сиздан пул сўраяпманми, чиқиб олсангиз-чи, ивиб кетибсиз-ку, ахир.
Аёл ҳеч қанча юрмасдан йўлда тушиб қолди. Ҳайдовчига раҳмат айтди.
Меҳр ва мурувватнинг катта-кичиги бўлмайди, дейишади. Болалигимда бир ўқитувчимиз айтган гапи ёдимда:
– Оддийгина бир қалам ўғирланишига ҳам бепарво бўлмаслик керак. Гап йўқолган нарсанинг нархида эмас, гап арзимас бўлса ҳам, уни олган киши қалбида ўғирликка мойиллик борлигида, – деган эди у.
Бунинг акси ўлароқ инсоннинг инсонга кўрсатган кичкина бир яхшилиги унда ҳалоллик, қалби тозалик, меҳр-муҳаббат борлигидан далолат. Шундай экан, бир-биримизга яхшиликни соғиниб яшайлик. Меҳр-мурувватли, диёнатли кишилар авлоди эканимизни унутмайлик.
Ёмғирда қолган йўловчи воқеаси мени шундай ўйлар гирдобига тортди ва ҳайдовчи йигитдан миннатдорлик ҳисси билан ўз манзилимда машинадан тушиб қолдим.
Собиржон ОТАБОЕВ