Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Беш нарсани беш нарса келишидан олдин ғанимат бил; қариликдан олдин ёшликни, касал бўлишдан бурун саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, машғулликдан олдин бўш вақтни ва ўлимдан бурун ҳаётни”, деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ва Ҳоким ривояти).
Ёшлик – умрнинг бир бўлаги, лекин уни бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос тарафи бор. У ғайрату шижоат билан бирга ўткинчи ҳавасларга ҳам тўла фасл.
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинишича, Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – илмига қандай амал қилгани” (Имом Доримий).
Демак, ёшлик умрнинг ғанимат фасли экан, ёшларимиз бундан унумли фойдаланиб қолишлари керак. Бугун уларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Албатта, эртасини ўйлаган, вақт қадрини билган ёшларимиз умрнинг ғанимат фаслини беҳуда совурмайди. Минг афсус, баъзан кўчада вақтини фойдасиз ишларга сарфлаб, компьютерга термилиб, ижтимоий сайтларда ҳам кўз нурини, ҳам олтинга тенг паллани елга совураётганларни кўрамиз.
Улуғ тобеинлардан Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Шундай зотлар бўлган, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар... Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”».
Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни – ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, лаҳзанинг умри асрга тенг бўлиши мумкин. Умр яшалган фурсат билан эмас, балки ана шу вақт ичида қилинган яхши амаллар билан мазмун топади.
Музаффар КАМОЛОВ, 
Тошкент шаҳридаги “Салом” масжиди имом-хатиби