Динимиз бизларни камтарин бўлишга буюради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга керилмасин, бирон кимса ўзгага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).
Камтарликнинг акси манманлик бўлиб, у коинотни йўқдан бор қилган, барча нарсаларни яратган, буюк Парвардигорга хосдир. Қуръони каримда бу ҳақда: 
«...осмонларнинг Рабби, Ернинг Рабби, (бутун) оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳга ҳамд! Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир», деб хабар берилган (Жосия, 36–37).
Кўп гуноҳлар юз беришига кибр сабаб бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, Унинг тоат-ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабабчиси ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди”, деб марҳамат қиладилар (Имом Муслим ривояти). Такаббурлик туфайли шайтони лаъин Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлди. 
Такаббурликнинг энг юқори чегараси Аллоҳни тан олмаслик, киши ўзининг ожиз банда эканини унутишидир. Барчага маълумки, қадимда яшаб ўтган Фиръавннинг ҳам худоликни даъво қилишига ундаги кибр сабаб бўлган эди.
Инсон тупроқдан яратилган. Демак, инсон ўзининг аслига боқиб, шунга монанд тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.
Қуръони каримда бундай оят бор: «Одамларга (кибр­ланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон, 18).
Аллоҳ таоло барчаларимизни кибру ҳаводан йироқ қилиб, камтарлик сифати билан зийнатланишга муваффақ этсин.
 
Абдуқаҳҳор Дадабоев, 
Тошкентдаги “Маъруф ота” жоме масжиди имом ноиби